Ўзбекистон орқали эвакуация қилинаётган афғонистонлик аёл ўғил фарзанд кўрди

Жамият 6960
image

Бугун, 21 август куни 1999 йилда туғилган афғонистонлик фуқаро Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонасида фарзандли бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди

Қайд этилишича, бугун, 21 август куни афғонистонлик аёл Э. А. “Ҳомиладорлик 1. Туғруқ 1. 39-40 ҳафта.” ташхиси билан тез тиббий ёрдам бригадаси орқали И.Иргашев номидаги Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонасининг туғруқ бўлимига ётқизилган. 

Маълум бўлишича, 22 ёшли Э.А. ушбу муассасада илк фарзандини дунёга келтирган. Афғонистонлик ёш она 3 килограмм 840 грамм вазн билан туғилган ўғлини ўзбекистонлик шифокорлар ёрдамида қўлига олган. Хабарга кўра, у маълум муддат мутахассислар назоратида бўлиб туради.

“Афғонистондан парвозлар амалга оширилаётган аэропортнинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий пункт ташкил этилган бўлиб, унга тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ҳамда  Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясидан бригада навбатчилари жалб этилган. Тиббий ёрдамга эҳтиёж сезган инсонларга зарур хизматлар кўрсатилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 август куни Тошкент-3 маҳаллий аэропорти вақтинчалик ёпилди. Кейинроқ бу хорижлик фуқароларни Афғонистондан эвакуация қилиш билан боғлиқлиги маълум бўлди

Ўтган бир неча кун мобайнида Ўзбекистон ҳудуди орқали хорижий давлатларнинг 1982 фуқароси эвакуация қилинди. Ушбу жараёнларда Тошкент-3 маҳаллий аэропорти транзит вазифасини ўтамоқда. Қайд этиш керакки, Афғонистонни минглаб одамларнинг тарк этишига сўнгги бир неча ҳафтада мамлакатда юзага келган сиёсий ва ҳарбий инқироз сабаб бўлмоқда. 

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 145
Рейтинг: 3.1
t
×