Ўзбекистон МТЖ учрашуви коронавирус сабаб бекор қилинди
Спорт
−
01 Февраль 2022
3432Бугун, 1 февраль куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Янги Зеландияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши керак эди. Бироқ ўйинолди текширувда Океания минтақаси жамоасининг 12 футболчиси коронавирусга чалингани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
“Терма жамоамиз учрашувга фаол тайёргарлик олиб борди. Ўйиндан олдин топширилган PZR тестлар барча футболчиларда манфий чиқди ва ҳаммаси режа бўйича кетаётганди. Бироқ бугун тонгда Янги Зеландия терма жамоасининг 12 футболчисида коронавирус аниқлангани маълум бўлди. Рақиб жамоа вакиллари бундай ҳолатда ўйнай олмасликлари, мураббий эса таркиб шакллантириш учун етарлича футболчиларга эга эмаслигини билдирди. Ўз навбатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ҳам футболчилар саломатлиги устувор ҳисобланади. Натижада томонлар бугунги ўйинни қолдиришга қарор қилишди”, дейилади федерация хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни Сречко Катанец шогирдлари FIFA рейтингида 167-ўринда қайд этилган Жанубий Судан терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ундан аввал эса Баҳрайнга қарши белгиланган учрашув бекор қилинган эди.
Маълумот учун, FIFA ретингида Ўзбекистон МТЖ 84-поғонани эгаллаб турибди.
LiveБарчаси