Ўзбекистон Корея билан тиббиёт олийгоҳи ва онкология маркази ташкил этади
Жамият
−
16 Сентябрь 2020
3717Ўзбекистонда Корея Республикаси билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази бунёд этилади. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси, ушбу ассоциациянинг коронавирусга қарши курашиш бўйича штаби етакчи маслаҳатчиси, Корё университети профессори Сой Чже Ук учрашуви вақтида айтиб ўтилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтган мулоқот давомида Корея билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази бунёд этилиши ҳам маълум қилинди.
Корея билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тиббиёт олий ўқув юрти ва онкология маркази Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт маркази ёнда барпо этилади ва йирик тиббиёт комплексига айланади. Шу орқали тиббиёт соҳасида ўқиш ва амалиёт ўташни ташкил этиш мумкин бўлади.
Мулоқот давомида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни самарали даволаш ва уларнинг хасталикдан тезроқ фориғ бўлишлари учун юқори тиббий технологиялардан унумли фойдаланишни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Коронавирусга қарши кураш бўйича Корея тажрибаси дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Айтиш мумкинки, мазкур мамлакатда апрель ва июль ойлари давомида коронавируснинг тарқалиши деярли жиловланиб, ўртача касаллик 2-70 нафаргача қайд этилганини кўриш мумкин. 50 миллион нуфусга эга бўлган Кореяда пандемия бошлангандан бери касаллик аниқланганлар сони 22 504 нафарга етиб, улардан 19 310 нафари тузалиб, соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.
Сой Чже Укнинг айтишича, Кореяда бир ҳафтадан сўнг умумтаълим мактаблари очилиши режалаштирилмоқда. Дастлаб мактаб ўқувчиларининг учдан бир қисми уч кун давомида анънавий, қолган икки қисми онлайн тарзда ўқитилади. Уч кундан сўнг биринчи гуруҳга топшириқлар берилиб, уйда онлайн таълимга ўтказилади ва кейинги уч кунликда эса навбатдаги гуруҳ чақирилади ва жараён шу тарзда давом этади. Агар бу тажриба яхши самара берса, барча ўқувчилар учун анънавий таълим йўлга кўйилиши мумкин. Олий таълим муассасалари эса, асосан, онлайн режимда фаолият юрита бошлайди. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятига ҳозирча рухсат берилмаган.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев Президент томонидан тақдирланган кореялик мутахассисга мукофотни топширилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси