Каримов ва Мирзиёев даврида Конституция неча марта ўзгарди?

Таҳлил 14902

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ масала жамоатчилик муҳокамаси марказида бўлиб турибди. Мустақил Ўзбекистон учун Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш янгилик бўлмаса-да, навбатдаги ўзгартиш ва қўшимчалар аввалгиларидан буткул фарқ қилиши кутилмоқда. Балки, шу боис Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раислигида Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилгандир. 

Шу ўринда савол туғилади: қабул қилинганига бу йил 30 йил тўладиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бугунги кунгача неча марта ўзгартишлар киритилган?

QALAMPIR.UZ Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги даврида мамлакат Бош қомусига киритилган ўзгартишларга назар ташлади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрида Республика Олий Кенгашида қабул қилинган. Бироқ амалдаги ҳужжат биринчисидан анча фарқ қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳозирги кунга қадар 15 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган:

Биринчи ўзгартиш – 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 77-моддаси 1-қисмидаги “150 нафар депутатдан иборат” деган сўзлар “депутатлардан иборат” деган сўз билан алмаштирилган;

Иккинчи ўзгартириш – 2003 йил 24 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг XVIII–XX, XXIII бобларидаги моддаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, икки палатали парламентни сайлаш ва Президент ваколат муддатини 5 йил эмас, 7 йил этиб белгилаш асосий ўзгартириш бўлди.

Учинчи ўзгартириш – 2007 йил 11 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига ўзгартириш ва тузатишлар киритилган.

Тўртинчи ўзгартириш – 2008 йил 25 декабрь қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 77-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонунга мувофиқ сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборатлиги белгиланди.

Бешинчи ўзгартириш – 2011 йил 18 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига ўзгартириш ва тузатишлар киритилган. Хусусан, 96-моддага ўзгартириш киритилиб “Президент вазифасини бажаролмай қолган ҳолатда унинг вазифа ва ваколати вақтинча Сенат раиси зиммасига юкланади. Уч ой ичида президент сайлови ташкил этилади ва ўтказилади”, дея белгиланди.

Олтинчи ўзгартириш – 2011 йил 12 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 90-моддасига тузатиш киритилиб, Президент ваколати етти йилдан беш йилга алмаштирилади.

Еттинчи ўзгартириш – 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларигаўзгартиш ва тузатишлар киритилган. 6-модда ўзгарди. 32-модда “Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади” билан тўлдирилди.

Саккизинчи ўзгартириш – 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110 ва 111-моддаларига ўзгартиш ва тузатишлар киритилган. Энг муҳим ўзгаришлардан бири шуки, 81-модданинг еттинчи қисмидаги “Олий хўжалик суди” деган сўзлар “Судьялар олий кенгаши” деган сўзлар билан алмаштирилди. Конституциянинг 111-моддасида Судьялар олий кенгашининг ҳуқуқий мақоми белгиланди.

Тўққизинчи ўзгартириш – 2017 йил 31 майда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 80, 93, 108 ва 109-моддаларига ўзгартиш ва тузатишлар киритилган. Асосий ўзгаришлар Конституциявий суд мустақиллигини мустаҳкамлашга оид бўлди.

Ўнинчи ўзгартириш – 2017 йил 29 августда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 99 ва 102-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. 102-моддада Тошкент шаҳри таркибига кирувчи туманларга ҳоким тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши Тошкент шаҳар ҳокими ваколатига кириши тўғрисидаги норма белгиланди.

Ўн биринчи ўзгартириш – 2018 йил 15 октябрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 105-моддасига тузатиш киритилди. Унга кўра, мазкур модданинг 1-қисмидаги “икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини” деган сўзлар “раисни (оқсоқолни)” деган сўз билан алмаштирилди.

Ўн иккинчи ўзгартириш – 2019 йил 18 февралда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 80 ва 93-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Асосий ўзгариш, Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизматига ўзгариши бўлди. Яъни, 80-модда 7-банди ва 93-модда биринчи қисмининг 24-бандидаги “Миллий” деган сўз “Давлат” деган сўз билан алмаштирилди.

Ўн учинчи ўзгартириш – 2019 йил 5 мартда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 79, 93 ва 98-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Муҳим ўзгаришлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаши ва лавозимларидан озод қилиши бўлди.

Ўн тўртинчи ўзгартириш – 2019 йил 4 сентябрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 96 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 117-моддадаги Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этгани учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмаслиги, бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги белгиланди. Аввалги таҳрирга кўра, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган ҳар қандай шахс сайловда иштирок эта олмас эди.

Ўн бешинчи ўзгартириш – 2021 йил 8 февралда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 117-моддасига ўзгартиш киритилди. Хусусан, 117-моддасининг иккинчи қисмидаги “декабрь” деган сўз “октябрь” деган сўз билан алмаштирилди.

Маълумот ўрнида, дунёнинг биринчи қабул қилинган Конституциялардан бири ҳисобланмиш АҚШ Конституциясига 1787 йилда қабул қилинганидан буён 235 йил ичида 27 марта тузатиш киритилган. Франциянинг амалдаги Конституцияси 1958 йилда қабул қилинган бўлиб, ҳозиргача унга 24 марта ўзгартириш киритилган, холос. 

Камронбей Кенжаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 359
Рейтинг: 3
t
×