Келаси йилда 120 мингта янги хонадон қурилади
Жамият
−
12 Декабрь
1456Бугун, 12 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилишида аҳоли маблағларини кафолатлаш тизимига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилда 100 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилади. Келгуси йилда эса 120 мингта уйлар қурилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, талаб кўплигидан фойдаланиб, бу соҳада инсофсиз бизнес қилаётганлар ҳам бор. Тўлов тизими тартибга солинмагани, рақамлаштириш ва очиқ-ошкоралик йўқлиги бунга йўл очиб бераяпти. Янги уйларни олмоқчи бўлган одамлар пулини банк орқали эмас, тўғридан-тўғри қурувчига бераётгани учун бу маблағлар “соя”да қолаяпти. Кўп ҳолларда уйларни топшириш муддати кечикиб, аҳоли тўлаган пуллар “музлаб” турибди. Улушдорлик шартномалари ҳеч қаерда рўйхатга олинмай, фақат қурувчининг манфаатига хизмат қилаяпти.
Шу боис Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни қурилиш индустрияси бўйича ўтган йиғилишда уй-жой сотиб олишда аҳоли маблағларини кафолатлайдиган тизим яратиш топшириғини берган эди. Тақдимотда шу борадаги таклифлар кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, хорижий давлатларда “еscrow” тизими тажрибадан ўтган. Унга кўра, буюртмачи ва тижорат банки ўртасида тузиладиган шартномага асосан, ҳар бир қурилиш иншооти бўйича “еscrow” ҳисобварағи очилади. Кўчмас мулк учун келишилган маблағлар ушбу ҳисобварақ орқали амалга оширилади. Унда йиғиладиган маблағлар асосида тижорат банклари буюртмачига пасайтирилган фоизда кредит тақдим этади. Қурилиш битгач, харидорнинг ҳисобварағидаги пул девелопер ташкилотга ўтказилади. Қурувчи ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда, бу пул эгасига қайтариб берилади. “Еscrow” ҳисобварағида турган маблағларга ундирув қаратилмайди.
Шавкат Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, бу борада ҳуқуқий асос яратиш, мазкур тизимни қурилишга алоқадор вазирлик ва идораларда интеграция қилиш бўйича кўрсатмалар берди.