Ўзбекистон КХШТга қайтиши мумкинми? Россия бунга нима дейди?
Олам
−
02 Декабрь 2021
20623Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтиш бўйича ҳар қандай қарорини олқишлайди. Бу ҳақда Россиянинг КХШТдаги махсус топшириқлар бўйича элчиси, доимий вакили Микаэл Агасандян айтиб ўтди.
“Биз Ўзбекистоннинг КХШТ ва унга аъзо давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик параметрлари ҳамда модели бўйича суверен танловини ҳурмат қиламиз. Тошкент 2012 йилда ташкилотга аъзоликни тўхтатганига қарамай, биз у билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ҳаракатларни умумий фойдали мувофиқлаштириш муҳимлигидан, шунингдек Афғонистондаги мураккаб вазиятни ҳисобга оламиз. Ўзбекистон бизнинг яхши ва ишончли ҳамкоримиз ҳамда КХШТга аъзо давлатлар учун дўст мамлакат бўлиб қолмоқда”, дейди Агасандян.
Унинг таъкидлашича, Президент Мирзиёевга жорий йилнинг 23 август куни бўлиб ўтган КХШТнинг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиш таклифи ва унга миннатдорлик билан жавоб бергани ана шундай принципиал ёндашишга сабаб бўлган.
“Шубҳа йўқки, Тошкентнинг ташкилотимизга нисбатан ҳар қандай қадами, жумладан, унга тўлақонли аъзоликни тиклашини ҳам биз фақат мамнуният билан қабул қиламиз”, дея қўшимча қилган дипломат.
Аввалроқ, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон расмийлари ҳозирда КХШТга қайтиш заруриятини кўрмаётгани, Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда террорчилик таҳдидларини аниқ белгилашни муҳим вазифа деб билишини айтганди.
КХШТ қандай ташкилот?
КХШТнинг вазифаси қўшин ва ёрдамчи бўлинмаларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан шартномада иштирок этадиган мамлакатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи ҳарбий ва сиёсий тажовузкорлардан, халқаро террорчилардан, шунингдек кенг кўламли табиий офатлардан ҳимоя қилишдан иборат. Бироқ, КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий бирлашма сифатида ҳеч қачон ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 6 давлат: Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.
Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзоси бўлган
Қайд этиш керакки, КХШТ асоси 1992 йили Тошкентда қўйилган. Ўшанда ушбу шартномани Ўзбекистон ҳам имзолаган. Бироқ, расмий Тошкент 1999 йилда ушбу келишувга аъзоликни давом эттиришдан бош тортган. Орадан бин қанча муддат ўтиб, 2006 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги тикланган. Кейин 2012 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги яна тўхтатилган.
LiveБарчаси