Ўзбекистон Қирғизистон ва учинчи давлат фуқароларига эшикларини ёпди

Жамият

image

6 октябрь куни соат 00:00 дан бошлаб Ўзбекистон томони Қирғизистон ва учинчи давлат фуқароларига Ўзбекистонга кириш учун чекловларни жорий қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизмати Матбуот хизмати хабар берди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудида бўлган Қирғизистон фуқаролари мамлакатни тарк этишлари мумкин ва Қирғизистон ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистонга киришлари мумкин. 

Қайд этилишича, чекловлар юк ташиш учун амал қилмайди. 

Давлат чегара хизмати 6 октябрь куни соат 15:00 ҳолатига кўра, давлат чегарасида вазият барқарорлиги маълум қилди. 

Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизматининг бўлинмалари жорий йил 24 сентябр куни соат 20:00 дан бошлаб давлат чегарасини ҳимоя қилишнинг кучайтирилган режимига ўтказилган. 

Давлат чегараларини қўриқлаш хизмати COVID-19 бўйича эпидемиологик вазият барқарор бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилган давлатларнинг фуқаролари ПЗР тестининг салбий натижаси тўғрисида гувоҳномага эга бўлса, давлат чегарасини чекловсиз кесиб ўтишини эслатмоқда. 

Карантин чоралари ва дунёдаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Қирғизистон Республикаси фуқаролари бошқа мамлакатларга кетишдан олдин ушбу мамлакатларда жорий қилинган чекловлар билан танишишлари керак.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги автойўл ўтказиш пунктларига нисбатан кириб-чиқиш бўйича чекловлар санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда бекор қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 1,98 миллиони ёки 56,2 фоизи қатнашган.

Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органининг янги таркибига кириши мумкин. Булар “Бирлик” (24 фоиз), “Маконим Қирғизистон” (24 фоиз), “Қирғизистон” (8 фоиз) ва “Бутун Қирғизистон” (7 фоиз) партиялари.

Сайловнинг якуний натижаси 20 кун ичида эълон қилиниши керак эди. Аммо сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди

Намойишларда ҳозиргача бир киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам реанимация бўлимига ётқизилган. Кучишлатар тузилмаларнинг 200 га яқин ходими жароҳатланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Қирғизистон Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

705

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг