Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон “Қамбарота ГЭС-1” бўйича келишиб олди
Олам
−
28 Май 5365 2 дақиқа
Жорий йилнинг 26-27 май кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳаси бўйича иккинчи вазирлар даражасидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Энергетика вазирликлари раҳбарлари ҳамда Жаҳон банки вакиллари иштирок этган. Хусусан, Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов, Қирғизистон Энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қатнашган. Томонлар янгиланган техник-иқтисодий асослама, экологик ва ижтимоий баҳолашлар, смета, энергия тармоқларини модернизация қилиш ва барқарор молиялаштириш моделларини муҳокама қилган.
Қайд этилишича, уч давлат ҳукумати лойиҳани тайёрлашда Жаҳон банкидан техник ёрдам сўраган. Банк вакиллари ўз навбатида минтақавий давлатлар ўртасидаги юқори даражадаги ҳамкорликни эътироф этиб, уларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
“Учрашув якунида томонлар лойиҳа бўйича кейинги босқичларни амалга ошириш ҳамда вазирликлар даражасидаги мунтазам маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олдилар”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Қамбарота ГЭС-1” – қуввати 1860 мегаватт бўлган, Қирғизистоннинг Норин дарёсида қурилиши режалаштирилаётган йирик гидроэлектр станцияси бўлиб, у Марказий Осиёда энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган муҳим минтақавий ташаббус ўлароқ кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили июнь ойида Вена шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро инвестиция энергетика форумида “Қамбарота ГЭС-1” қурилиши бўйича Мувофиқлаштирувчи Донор қўмитаси тузилганди. Қўмита таркибига қуйидаги молия институтлари кирган: Жаҳон банки, ОПEК жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестиция банки, Ислом тараққиёт банки, Қайта қуриш ва тараққиёт учун Европа банки ва бошқалар.