Ўзбекистон июнда олтин захирасини қанчага кўпайтиргани маълум бўлди

Жамият 6509
image

Жаҳон олтин кенгашининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг июнь ойида дунё бўйича Марказий банклар ўз олтин захираларини 59 тоннага кўпайтирган.

Ўзбекистон Марказий банки ўз захираларини 8,7 тонна олтин билан тўлдирган. Умуман олганда мамлакатнинг бош банки апрелдан бери ҳар ой ўртача 9 тонна олтин харид қилган. Ўзбекистон умумий захирасининг 60 фоизини олтин ташкил этиши таъкидланган.

Июнда Ироқ Марказий банки энг кўп 34 тонна олтин сотиб олган. Бу 2018 йилда 7 тонна олтин сотиб олинганидан бери захираларнинг илк бор кўпайтирилиши бўлган. Ҳозирда Ироқнинг олтин захираси 130 тоннага тенг.

Туркия ҳам ўз захираларини олтин билан тўлдириб бормоқда. Ўтган ой Туркия банки ўз захираларига 7,7 тонна олтин қўшди. Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида Туркия марказий банки ўз олтин захираларини 37 тоннага кўпайтирди. Ҳозир у 455 тоннадан ортиқ олтинга эгалик қилади, бу унинг захира активларининг деярли 30 фоизига тенг.

Июнь ойида Қозоғистон Марказий банки олтин захираларини 4,2 тоннага оширди. Шунингдек, Ҳиндистон – 3,7 тонна, Бангладеш – 0,1 тонна, Чехия – 0,5 тонна, Мексика – 0,1 тонна ва Мўғулистон – 0,1 тонна олтин сотиб олди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон жорий йилнинг иккинчи чорагида энг йирик олтин сотиб олувчилар қаторидан жой олди ва захираларини 26,44 тоннага кўпайтирди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 210
Рейтинг: 3
Теглар
t
×