Ўзбекистон Эрон ва Исроилни босиқликка чақирди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувининг янги босқичидан чуқур хавотирда. Бу ҳақда бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон томони барча тарафларни босиқликка, ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришдан тийилишга ҳамда можарони энг қисқа фурсатларда сиёсий тартибга солиш учун мумкин бўлган барча чораларни кўришга чақиради.

“Мазкур минтақадаги кескинликнинг авж олиши янада жиддий оқибатларга ва кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин деб ҳисоблаймиз”, дейилади баёнотда.

Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви

1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.

Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.

Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.

Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 апрель куни Қозоғистон ҳам Эрон ва Исроилни вазминликка чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Эрон Яқин Шарқ босиқлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг