Ўзбекистон элчиси Эстония Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Жамият
−
21 Апрель
1581Ўзбекистоннинг Эстонияга янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида жойлашган) Темур Раҳмонов жорий йилнинг 16 апрель куни ушбу давлат Президенти Алар Карисга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, расмий тадбирдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Эстония Президенти Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ривожланиб бораётганини юксак баҳолаган ва ушбу йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирган.
Шунингдек, Эстония етакчиси Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи давлатга айланганини алоҳида таъкидлаган. Хусусан, у Ўзбекистон етакчисининг минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, жумладан, кўп йиллар давомида можароларга сабаб бўлиб келган чегара масалаларини ижобий ҳал этишдаги катта ҳиссасини алоҳида урғулаган.
“Президент Алар Карис давлатимиз раҳбари раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эстон томони тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Темур Раҳмонов 2024 йил 13 март куни Ўзбекистон элчиси сифатида Рига шаҳрига борган. Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин у 2021-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули бўлиб ишлаган.
Темур Раҳмонов 2024 йил 17 июнь куни Ўзбекистон элчиси сифатида Латвия Президенти Эдгарс Ринкевичсга, жорий йил 11 февраль куни Литвадаги элчи сифатида ушбу давлат Президенти Гитанас Науседага, 1 апрель куни эса Финляндиядаги элчи сифатида мазкур мамлакат Президенти Александр Стуббга ишонч ёрлиқларини топширган эди.
LiveБарчаси