Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси Жаҳон чемпионатини иккита медаль билан якунлади

Спорт 2775
image

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтган дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунига етди. Мусобақанинг сўнгги куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли якунланли. Илиас Илиадис шогирдлари бронза медали учун кечган баҳсда Жанубий Корея терма жамоасини муддатидан аввал мағлубиятга учратишди. 

Обидхон Номонов, Гулноза Матниязова, Шермуҳаммад Жандреев ва Музаффарбек Тўрабоевнинг ғалабалари эвазига Ўзбекистон терма жамоаси якунда бронза медалига сазовор бўлди. Ўзбекистон - Жанубий Корея 4:1.

Жамоавий баҳсларда ғолиблик дзюдо ватани ҳисобланган Япония терма жамоасига насиб қилди. Финалдаги мағлубият туфайли Франция термаси аъзолари кумуш, Ўзбекистон ва ўтиш турнирида ғалаба қозонган Бразилия дзюдочилари бронза медалларига эга чиқдилар.

Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичида Венгрия (4:2) ва Бразилия (4:0) терма жамоаларини мағлуб этилиб, ярим финалда Францияга имконият бой (1:4) берилганди.

Яккалик баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси вакилларидан фақатгина битта дзюдочи шоҳсупага кўтарилди. Давлат Бобонов (-90 кг) финалга қадар етиб бориб, якунда кумуш медалга сазовор бўлди. Диёра Келдиёрова (-52 кг), Ҳикматуллоҳ Тўраев (-73 кг) ва Шарофиддин Болтабоев жаҳон чемпионатида кучли бешликдан ўрин олишди. 

Жаҳон чемпионатининг эстафетаси Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комиловга топширилди. Шу тариқа 2022 йилда бўлиб ўтадиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига Тошкент шаҳри мезбонлик қилади.

Ҳумоюн Орипов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 58
Рейтинг: 3
Теглар
t
×