Ўзбекистон давлат қарзи кейинги йил 28 млрд доллардан ошади
Жамият
−
01 Декабрь 2020
54892021 йилда Ўзбекистоннинг жами давлат қарзи 28,4 миллирд АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 44,9 фоизига тенг дегани. Бу ҳақда 2021 йил учун Бюджет лойиҳасида сўз боради. Қайд этилишича, ўсиш динамикасига қарамай, давлат қарзи мўтадил бўлиб, макроиқтисодий барқарорликка хавф етказмайдиган даражада қоляпти.
Ўзбекистоннинг давлат қарзи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жорий йилда давлат қарзининг ўсиши COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф қилишга қаратилган қўшимча бюджет харажатларини молиялаштириш мақсадида ташқи қарзни жалб қилиш билан боғлиқ бўлди. Ушбу мақсадлар учун Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан Инқирозга қарши-курашиш жамғармаси ташкил этилди.
Молия вазирлиги берган маълумотларга кўра, 2021 йил охирида жами давлат қарзи 28,4 миллиард АҚШ долларига етади. Бу эса, жорий йил учун прогноз қилинаётган давлат қарзлари миқдоридан 5,6 миллиард АҚШ долларига кўп.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2019 йилда 17,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. 2020 йил охирида ушбу кўрсаткич 22,8 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, давлат ташқи қарзларига хизмат кўрсатиш учун жорий йилда 1 миллиард, 2021 йилда эса 1,5 миллиард АҚШ доллари йўналтирилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон давлат қарзи улушининг энг катта қисмини энергетика соҳаси банд қилиб турибди. 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, ушбу соҳага жами давлат қарзининг 28 фоиз ёки 5,1 миллиард доллар жалб қилинган.
2021 йил якунига давлат ташқи қарзи 25,5 миллиард АҚШ доллари ҳисобида прогноз қилинмоқда, шундан 18 миллиард АҚШ доллари Ўзбекистон Республикаси номидан ва 7,5 миллиард АҚШ доллари Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинган.
Қайд этилишича, 2020 йилдан бошлаб ташқи қарзларни Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинишига чекловлар киритилган. Ташқи қарзларни Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилиниши бўйича янгидан имзоланаётган келишувлар умумий суммасининг чегаравий ҳажми 4 миллиард АҚШ доллари этиб белгиланган. Бироқ коронавирус пандемияси шароитида Ҳукумат томонидан ташқи қарзнинг чегаравий миқдорини қайта кўриб чиқиш зарур бўлган. Жорий йилда ташқи қарзни жалб қилиш бўйича янгидан имзоланаётган келишувлар ҳажми 5,5 миллиард АҚШ доллари, 2021 йилда эса 5 миллиард АҚШ доллари ҳисобида бўлиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ташқи қарзи жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 27,6 миллиард долларни ташкил этаётгани хабар қилинганди.
Унга кўра, қарзнинг 10,1 миллиард доллари хусусий сектор ҳиссасига, 17,5 миллиард доллари давлат секторига тўғри келмоқда.
LiveБарчаси