Ўзбекистон чегарасида ҳарбийлар икки қирғизистонликни отиб ўлдирди

Жамият

image

Жорий йилнинг 15 август куни Қирғизистон – Ўзбекистон чегарасида ўзбекистонлик ҳарбийларнинг ўқ узиши оқибатида 2 қирғизистонлик ҳалок бўлди. Уларни отган чегарачиларнинг хатти-ҳаркатлари асосли деб топилди. Бу ҳақда ДХХ Чегара қўшинлари бугун, 4 сентябрь куни хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса содир бўлган куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Угам-Чотқол қўриқхонаси яқинидаги чегара минтақасида 2 нафар номаълум шахснинг ҳаракатланаётгани кузатилган. Чегара наряди ўз ваколати доирасида уларга тўхташни буюрган, лекин улар қочишга уринган. Шу боис, уларни тўхтатиш учун осмонга қарата бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ узилган. Аммо номаълум шахслар чегара нарядининг талабларига бўйсунмай, Давлат чегараси томон ҳаракатни давом эттирган. Шундан кейин, сўнгги чора сифатида уларга нисбатан қурол қўлланган.

Оқибатда, улар яраланиб, ҳарбий хизматчилар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай, воқеа жойида вафот этган. Ҳодиса жойи кўздан кечирилганида, 1 дона чодир, 3 та от, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда яширинишга улгурган учинчи шахснинг излари ҳам топилган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Қирғизистон ва Қозоғистон чегара идоралари хабардор қилинган.

Чегара қўшинлари матбуот хизматининг ёзишича, 31 август куни вафот этганлар Қирғизистон фуқаролари экани аниқланиб, уларнинг жасади қариндошларига топширилган. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари раҳбарларининг ўзаро келишувига асосан, 2-3 сентябрь кунлари ҳодиса жойи ҳамкорликда кўздан кечирилган.

Таъкидланишича, ўрганишлар натижасида чегара нарядининг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилигига асосан амалга оширилгани, юқорида кўрсатилган Қирғизистон фуқаролари томонидан Давлат чегараси бузилгани, шунингдек, учинчи шахснинг Қирғизистон томонга қайтиб, яширинишга улгургани комиссия томонидан ўз тасдиғини топган. Унинг шахсини аниқлаш ва тегишли чора кўриш юзасидан келишувга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тезкор ходимлари чегарачилар билан биргаликда афғон наркодилерларини қўлга олиш бўйича операция ўтказганди, унда отишма содир бўлиб, у икки қоидабузарнинг ўлими билан якунланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ Чегара қўшинлари қирғизистонлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг