Ўзбекистон боксчилари Жаҳон чемпионатига тайёрми?
Интервью
−
21 Октябрь 2021
12637Бокс бўйича Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 24 октябридан 6 ноябрига қадар Сербиянинг Белград шаҳрида ўтказилади. Мусобақа олдидан Тошкент вилоятида жойлашган “Янгиобод” спорт базасида Ўзбекистон ва Куба терма жамоаси биргаликда йиғин ўтказмоқда.
QALAMPIR.UZ жамоаси Жаҳон чемпионатига Тошкент вилоятида тайёргарлик кўраётган ўзбекистонлик боксчилар билан суҳбатлашди.
Ўзбекистон боксчилари ҳақида тайёрланган репортажни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Олимпия ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби, Жаҳон чемпионати финалчиси Ҳасанбой Дўсматов жорий йилги дунё биринчилиги олдидан ўзининг имкониятлари, Куба терма жамоаси ва келажакдаги режалари ҳақида гапирди.
“2019 йилдан буён ҳаваскор боксда жанг қилмадим. 3 ойдан буён машғулотлар олиб боряпман ва яна аввалги спорт формамни тиклаб олдим. 2017 йилги Жаҳон чемпионати финалида мағлуб бўлгандим. Ўйлашимча, ҳозир ундан кўра яхшироқ ҳолатдаман. Чунки, Олимпия ўйинларидан сўнг, телевидениедаги кўрсатувлар, турли хил тадбирлар сабабли машғулотларга етарлича эътибор қарата олмагандим. Шукрки, ҳозир ҳеч ким безовта қилгани йўқ. Бунга ўзим ҳам қаршилик қилдим ва шу муҳит ўз устимда ишлашим учун маъқулроқ. Кун тартибимиз режадагидек ўтмоқда, насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлади”, дейди Дўсматов.
Шунингдек, 28 ёшли боксчи ғолибликка асосий даъвогарлардан ҳисобланган Куба терма жамоаси ҳақида фикр билдирди:
“Жаҳон чемпионати олдидан сўнгги машғулотларимиз Куба терма жамоаси билан ўтмоқда. Рақибларимизни синчковлик билан ўрганяпмиз. Ҳар икки жамоа боксчилари бор кучиини кўрсатяпти, деб айта олмайман. Лекин кучли рақиб билан жанг қилиш доимо фойдага ишлайди”.
Дўсматов профессионал ва ҳаваскор боксдаги фаолияти ҳамда олдиндаги режаларини маълум қилди.
“Ҳаваскор ва профессионал бокс ўртасида фарқ жуда катта. Қўлқоплардан тортиб, ишлаш темпимизда ҳам тафовут сезилади. Проф боксдаги услубларнинг баъзилари ҳаваскорда иш бериши мумкин. Жаҳон чемпионатидан кейин Париж Олимпиадаси бор, агар вазн тоифам дастурдан чиқариб ташланмаса ва спорт формамни ушлаб қола олсам, албатта, унда иштирок этаман. Тўғрисини айтсам, 2017 йилги Жаҳон чемпионатида кумуш медаль олгандим. Бу сафар фақат ва фақат олтин учун ҳаракат қиламан, бошқа натижа мени қониқтирмайди. Аввало, барчаси Яратгандан, ҳаракатдан тўхтамайман”, дейди андижонлик боксчи.
Ўзбекистон бокс терма жамоаси катта мураббийи Тўлқин Қиличев Баҳодир Жалоловнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этмаётгани, Куба терма жамоаси билан ўтказилаётган машғулотларнинг фойдали томонлари, Ҳасанбой Дўсматов ва Шаҳрам Ғиёсовнинг таркибга жалб қилиниши ҳамда ҳакамлик масалалари ҳақида гапирди.
“Баҳодир Жалолов Жаҳон чемпионатига бормайди. Олимпиададан сўнг, у спорт тарғиботи учун жуда кўп тадбирларда иштирок этди ва машғулотларни ўзи истаганидек ўтказа олмади. Мусобақада номига иштирок этиб қайтиш ниятимиз йўқ. У Олимпиада ва Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган, бу эса ҳар сафар осонликча ғалаба қозонишни англатмайди. Биз боксчимиздан хафа эмасмиз, сабаби Ватан бизга нимадир беряптими, биз ҳам унга бера олишимиз шарт. Ҳар бир вазн тоифасида рақобат бор. Баҳодирнинг ўрнига Лазизбек Муллажоновни олиб кетяпмиз, у ҳам жуда кучли боксчи ва жорий йил ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпиони бўлди. Ўйлайманки, яхши натижалар қайд этамиз” дейди Қиличев.
Шунингдек, мураббий Куба бокс терма жамоаси билан ўтказилаётган машғулот ва юкланмалар тўғрисида маълумот берди:
“Олимпия ўйинларидан кейинги энг катта ва муҳим мусобақа арафасида турибмиз, режа асосида муносиб тайёргарлик кўряпмиз. Аввалги турнирлардан фарқли ўлароқ, сўнгги махсус тайёргарликни Куба терма жамоаси билан ўтказилмоқда. Руҳий томондан биз учун фойдали машғулот бўлмоқда. Чунки, Куба ҳам Ўзбекистон синггари жаҳондаги энг кучли терма жамоалардан бири. Токио Олимпиадасида мавжуд бўлган 8 та вазннинг 4 тасида кубалик боксчилар Олтин медални қўлга киритди. Улардан 3 нафари биз билан биргаликда машғулот ўтказмоқда. Бу кубаликлар учун икки карра фойдалироқ, сабаби улар бизнинг ўлкада машғулот ўтказяпти. Ҳар бир вазн тоифасида икки-уч нафар ўзбек боксчилари билан спарринг олиб боришмоқда”.
Тўлқин Қиличевнинг фикрича, Шаҳрам Ғиёсов ва Ҳасанбой Дўсматовнинг яна терма жамоада пайдо бўлиши ва таркибда ёш боксчилар сонининг кўплиги ҳеч бир боксчи эътибордан четда қолмаслигини кўрсатади.
“Таркиб раҳбарият ва мураббийлар иштирокида тузиб чиқилди. Шаҳрам Ғиёсов ва Ҳасанбой Дўсматовнинг Жаҳон чемпионати учун танланиши ва таркибдаги боксчиларнинг 70 фоизи ёшлардан иборат экани Ўзбекистонда ҳеч бир боксчи эътибордан четда қолмаслигини кўрсатади.
Дунёда бокс ривожланяпти, биз энг юқорида турганимизда ўзимизнинг хатоларимизни била олмаймиз. Даставвал, истаймизми йўқми, ёшлар тажриба тўплагунича натижалар пастроқ бўлади. Демак, қаердадир хато қилганмиз ва шунинг устида ишлашимиз керак.
Ҳакамлик масаласини муҳокама қилавериш бизни асосий вазифамиздан чалғитиб қўйиши мумкин. Боксда инсон омили сабабли ана шундай тушунарсиз қарорлар бўлиб туради. Бошқа давлат боксчилари назарида ҳакамлар бизга ён босган бўлиши мумкин. Бундан тушкунликка тушиш керак эмас, рингда барчага кучлилигимизни исботласак, кифоя”, дейди Қиличев.
Куба бокс федерацияси (КБФ) президенти Альберто Пуиг мамлакат бокс мактабининг стратегияси, Ўзбекистонда ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғини ва ўзбек боксчиларининг маҳорати ҳақида гапирди.
“Куба бокс мактабининг ўзига хос стратегияси бор. Ўзбекистон сингари ҳар бир терма жамоани ўрганамиз. Мураббийлар томонидан интизомга жуда катта этибор қаратиладива спортчиларга боксга оид таълим берилади. Боксчилар юқори натижаларга эришгунича, спортга оид методларнинг барчасини ўзлаштириши керак, ана шундагина у кўзлаган маррасига эриша олади. Шунингдек, Кубада иқтисодий таъминотга жиддий ёндашилади. Шунинг учун, Олимпия ўйинларида кубалик боксчилар 78 та медални қўлга киритган. Асосан кичик вазн тоифаларида яхши натижалар қайд этганмиз ва бокс аллақачон миллий спортимиздек бўлиб қолган.
Умумий жиҳатдан ўзбек боксчилари юқори савияли жангчилардир. Масалан, Баҳодир Жалолов жуда ажойиб жанг услубига эга ва ўз тоифасида биринчи рақамлиси. Ёш боксчиларда ҳам кучли иштиёқ сезилиб турибди. Энг муҳими Ўзбекистон ва Куба терма жамоаси вакиллари жуда самарали ва тўғри машғулот олиб боришяпти.”, дейди Пуиг.
69 ёшли мутахассис “Янгиобод” машғулот базасида ўтказилаётган йиғин ва шароитларни баҳолади:
“Ўзбек боксчиларининг барчаси юқори даражада жанг ўтказади. Биз тажриба алмашиш ва Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш учун юртингизга келдик. 10 кунлик машғулот ўтказгач, Жаҳон чемпионатига жўнаб кетамиз. Умид қиламизки, 2023 йилги Ўзбекистонда ўтказиладиган мундиалда иштирок этамиз ва ўшанда бизда таққослаш имконияти бўлади. Ўқув-машғулот йиғини юқори даражада ташкиллаштирилган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва бокс федерациясига, мураббийлардан тортиб барча боксчилар ҳамда ОАВ ходимларига миннатдорлигимизни билдирамиз, ўзимизни уйимиздагидек ҳис қилдик”.
Бокс бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов жорий йилги дунё биринчилиги олдидан Олимпия ўйинларидаги ҳакамларнинг қарори, ЖЧдаги рақиблари, Куба терма жамоаси ва олдиндаги режалари ҳақида фикр билдирди.
“Олимпия ўйинларидан кейин хатоларим ҳақида ўйладим ва ортга қайтган кунимизданоқ машғулотларни бошладим. Муваффаққиятсиз натижа мен учун катта дарс бўлди ва ўз олдимга Париж Олимпиадасида чемпион бўлиш учун мақсад қўйдим. Бу сафарги мусобақа аввалгилари каби ўтмади, чунки малакали реферилар иштирок этмади. Жаҳон чемпионатида эса ҳакамлар махсус тест топширади ва ундан ўта олсагина жангларда ишлашга рухсат берилади. 2019 йил Президентимиз билан кўришганимизда ваъда бергандик. Ўғил бола учун айтилган сўзнинг уддасидан чиқмаслик нотўғри. Спортга кириб келишдан олдин ҳар бир атлет Олимпиада чемпионлигини қўлга киритишни мақсад қилади”, дейди Мирзаҳалилов.
Шунингдек, 26 ёшли боксчи Куба терма жамоаси ва ЖЧдаги рақибларига қарши жиддий тайёргарлик кўраётганини таъкидлади:
“Кубалик боксчилар спарринг жангларида, табиийки, бор потенциалини кўрсатгани йўқ. Лекин уларнинг тажрибасини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. 2019 йилги Жаҳон чемпионати финалида Лазаро Альварес (3 карра Жаҳон чемпиони) билан жанг қилиб, ғалаба қозонган эдим. Ҳозир у вазнини ўзгартирган. Олимпиада ўйинларида 1-босқичдаёқ чиқиб кетган бўлсамда, ўзимга бўлган ишончим юқори ва икки карра Жаҳон чемпиони бўлиш учун бор кучимни ишга соламан. Ҳар битта рақибни ўрганяпмиз, уларга муносиб қаршилик кўрсата оладиган даражада машғулотлар олиб боряпмиз. Тайёргарлик аъло даражада, халқимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз”.
Маълумот учун, бокс бўйича Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 24 октябридан 6 ноябрига қадар Сербиянинг Белград шаҳрида ўтказилади.
LiveБарчаси