Ўзбекистон байроғи акс этган баннер учун Қозоғистон клублари жазоланди
Спорт
−
18:33 671 2 дақиқа
Қозоғистон футбол федерацияси салбий мазмундаги ва Ўзбекистон байроғи акс этган баннер билан боғлиқ можародан кейин “Ақтобе” ва “Ордабаси” клубларига нисбатан жарима чорасини қўллади. Бу ҳақда федерация матбуот хизмати хабар берди.
Кеча, 20 октябрь куни Қозоғистон футбол федерациясининг Назорат, интизом ва ахлоқ қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтган. Унда 2026 йилги мавсум Олий лигасининг 23-туридан ўрин олган “Ақтобе” ва “Ордабаси” ўртасидаги учрашув билан боғлиқ ҳолатлар кўриб чиқилган.
Учрашувни талаб даражасида ташкил этмагани, хавфсизлик қоидалари ва чемпионат регламентига риоя қилмагани учун “Ақтобе” клубига 1 млн 297 минг 500 тенге миқдорида жарима белгиланган. Клуб ушбу маблағни жорий йилнинг 20 ноябрга қадар тўлаши керак.
Федерация маълумотига кўра, мезбонлар учрашув ҳакамлари хавфсизлигини таъминлай олмаган. Шунингдек, “Ақтобе” клуби директори Бахитбек Дузелбаев ҳакамлар хонасига рухсатсиз кирган.
Мухлисларнинг номақбул хатти-ҳаракатлари, жумладан, расмий шахсларга нисбатан қўпол сўзлар ишлатиши ва рақиб жамоани ҳақорат қилгани учун клуб яна 865 минг тенге миқдорида жаримага тортилган. Бу маблағ ҳам жорий йилнинг 20 ноябрга қадар тўланиши лозим.
Бундан ташқари, “Ақтобе” бош мураббийи Игор Черевченко ҳам ҳақоратомуз баёнотлари учун 216 минг 250 тенге миқдорида жарима олган.
“Ордабаси” клубига эса учрашувга кечикиб чиққани учун чора кўрилган. Жамоа футболчилари кийиниш хонасидан белгиланган вақтдан уч дақиқа кеч чиққан. Бунинг учун клубга 259 минг 500 тенге миқдорида жарима белгиланган.
Федерация ўз баёнотида футбол учрашувларини ўтказишда хавфсизлик талаблари, мусобақа қоидалари ва профессионал этика меъёрларига риоя қилиш мажбурий эканини қайд этган. Шунингдек, клублар учрашувларни ташкил этиш, ўз вакиллари ва мухлисларининг хатти-ҳаракатлари учун масъул экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Чимкентнинг “Ордабаси” клуби “Ақтобе” меҳмони бўлган учрашувда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Баҳс давомида вояга етмаган мухлис қизлар салбий мазмундаги ёзув туширилган баннерни кўтарган. Ҳодисадан сўнг полиция баннерни кўтарган қизларни топган. Улар ва ота-оналари иштирокида профилактик суҳбат ўтказилган. Ота-оналар фарзанд тарбияси бўйича мажбуриятларини лозим даражада бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
Live
Барчаси