Ўзбекистон Афғонистонда 6 млн долларга мадраса қуришни бошлади
Жамият
−
24 Август
5537Афғонистоннинг Балх вилоятида Ўзбекистон томонидан молиявий қўллаб-қувватланаётган мадраса қурилиши бошланди. Бу ҳақда “Tolonews” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, мадраса 0,6 гектар майдонда жойлашади ва у ерда 1000 нафар талабага диний таълим бериш режалаштирилган. Жорий йилнинг 21 август куни бўлиб ўтган қурилишни бошлаш маросимида Балх вилояти губернатори ўринбосари Нурул-Ходий Абу Идрис ва Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Бош консули Фарҳод Назаров иштирок этди.
Бош консулнинг маълум қилишича, мадраса қурилишига 6 миллион доллар сарфланади.
“Бу диний мактаб Балх ҳокимининг илтимосига биноан қурилмоқда. Биз бу лойиҳага бир йил вақт ажратдик, шу вақтгача у тугалланади”, дейди Назаров.
Бош консул, шунингдек, Ўзбекистон тез орада Афғонистон фуқаролари учун таълим ва бизнес визаларини беришни қайтадан бошлашини қўшимча қилди.
“Ушбу мадрасанинг ташкил этилиши Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди”, дейди Балх вилояти таълим бошқармаси бошлиғи Абдужалил Шаҳидхил.
Маълумот учун, мадрасанинг қурилиши Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Бахтиёр Саидов ва “Толибон” етакчилари ўртасида жорий йилнинг 12-13 март кунлари бўлиб ўтган музокаралар доирасида келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 июль куни Афғонистоннинг Қобул шаҳрида мамлакат олий таълим вазири вазифасини бажарувчи шайх ул Ҳадис Мавлавий Нида Муҳаммад Надем Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги илмий алоқаларни яхшилаш масалаларини муҳокама қилганди. Учрашувда Муҳаммад Надем Ўзбекистон Афғонистонга турли соҳаларда, хусусан, олий таълим соҳасида ҳамиша сидқидилдан ёрдам бериб келаётган давлатлардан бири эканини таъкидлаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь