Ўзбекистон АҚШнинг бир қатор товарлари учун тарифларни пасайтиради

Жамият

image

Ўзбекистон ва АҚШ савдо бўйича дастлабки келишувга эришди. Унга кўра, Ўзбекистон АҚШнинг саноат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кенг турлари учун божларни бекор қилади ёки камайтиради ҳамда ўзаро савдо ва инвестициялар тўғрисидаги битим музокараларини жадаллаштиради. Бу ҳақда жорий йилнинг 25 июнь куни АҚШ Савдо вакилининг расмий сайтида хабар қилинди.

Қайд этилишича, АҚШнинг Савдо вакили Жеймисон Грирнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида АҚШ ва Ўзбекистон икки томонлама иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзаро савдода тенглик, мувозанат ва барқарорликни таъминлашга қаратилган савдо мажбуриятларининг дастлабки босқичи (early harvest) бўйича келишувга эришган.

Ўша куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам ўзининг Telegram-каналида Жеймисон Грир билан учрашганини маълум қилган. Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари яқин кунларда икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш тўғрисидаги битим имзоланишини кутилаётганини қайд этган.

“АҚШ Савдо вакили, элчи Жеймисон Грир билан Тошкентда учрашиб турганимдан хурсандман. Ўтган бир йил давомида биргаликда жуда салмоқли ишларни амалга оширдик, бунинг натижасида алоқаларимиз янги босқичга кўтарилди.Ўзбекистонга ҳамда икки томонлама ҳамкорлигимизга кўрсатаётган юксак эътибори учун элчи жанобларига миннатдорлик билдираман”, деган Мирзиёева.

АҚШ Савдо вакилининг қайд этишича, икки мамлакат ўзаро савдо ва инвестициялар тўғрисидаги битимни тез фурсатда якунлаш мақсадида музокараларни жадаллаштиришга ҳам келишиб олган ҳамда вакиллар яқин ҳафталарда мазкур дастлабки келишувни расмий ҳужжат шаклида мустаҳкамлайди.

“Бу келишувлар 2025 йилда АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида бўлиб ўтган учрашувлар давоми ҳисобланади ҳамда икки мамлакатнинг стратегик ва иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлашга бўлган қатъий интилишини тасдиқлайди”, дейилади хабарда.

 

Маълум қилинишича, савдо ва инвестициялар бўйича ушбу дастлабки келишув қуйидагиларни назарда тутади:

  • Ўзбекистон АҚШнинг саноат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кенг турлари учун божларни бекор қилади ёки камайтиради;
  • АҚШ эса ўз қонунчилигига мувофиқ ва зарур деб топилган ҳолларда Ўзбекистоннинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан тариф чораларини қўллашда қулай ёндашувни кўриб чиқади;
  • АҚШ ва Ўзбекистон инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда икки томонлама инвестицияларни рағбатлантириш ва енгиллаштириш йўлларини ўрганишга келишди;
  • Икки мамлакат Ўзаро савдо ва инвестициялар тўғрисидаги битим бўйича музокараларни жадаллаштиради.

“Ушбу эълонлар ўтган йили Президентлар Дональд Трамп ва Шавкат Мирзиёев томонидан маълум қилинган 32 миллиард долларлик икки томонлама тижорат битимларидан кейинги яна бир муҳим қадам ҳисобланади. Бу келишувлар қаторига Boeing компанияси билан 8,5 миллиард долларлик шартнома, шунингдек, стратегик минераллар, тоғ-кон саноати, энергетика, молия ва ахборот технологиялари соҳаларидаги харидлар ҳамда инвестициялар киради”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, АҚШ тарафи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қатъий қўллаб-қувватлаши ва бу борада мамлакат эришган сезиларли тараққиётни эътироф этишини билдирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг