Ўзбекистон АҚШга экспорт ҳажмини оширади
Жамият
−
23 Октябрь 2019
3363Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтонда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқовнинг АҚШ савдо вазири У.Росс билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мулоқот давомида ўзбек делегацияси томонидан ўзаро савдони ривожлантириш борасида Ўзбекистоннинг АҚШга амалга ошираётган экспорт хажмини 60 та турдаги маҳсулотлар номенклатураси ҳисобига 1,5 миллиард долларга ошириш бўйича таклифи америка томони тарафидан ижобий қарши олиниб, ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.
Экспортбоп маҳсулотлар ҳажмлари акс эттирилган рўйхат АҚШ савдо вазирлигининг раҳбариятига кейинчалик савдо битимлари ва шартномалар устида ишлаш мақсадида топширилди.
Америкалик ҳамкасабалар таклиф этилган маҳсулотларга нисбатан Америка бозоридаги эҳтиёжни чуқур ўрганишга ва ўзбек ишлаб чиқарувчиларини Америка бозорига олиб чиқишига кўмаклашишга тайер эканини билдирди.
Шунингдек учрашув доирасида Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражасини ошириш учун давлатлараро алоқаларни ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул бўлган вазирлар даражасида "C5+1" форматидаги платформа ташкил этиш таклифи баён этилди.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига АҚШ томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида мухокама қилинди.
Учрашув якунида ўзаро савдони жадаллаштириш ва масалаларни тезкорлик билан ҳал этишга қаратилган доимий биргаликдаги фаолиятни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва АҚШ савдо вазирлигининг юқори даражали экспертларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь