Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди
Жамият
−
19 Апрель 2023
6313Ўзбекистондан Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Афғонистонга 185 тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган инсонпарварлик юклари карвони мамлакатнинг Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон шаҳрига етказилган. Ушбу инсонпарварлик ёрдами Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан жўнатилган.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15,7 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 20 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лапша ўрин олган.
Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси ҳудудида бир неча расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтган.
Шунингдек, икки давлат расмийлари иштирокида ҳудудларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасида музокаралар ўтказилган.
“Тадбирда иштирок этган афғонистонлик расмийлар Муборак Рамазон ойида кўрсатилаётган бу каби амалий ёрдам учун Ўзбекистон халқига ўз миннатдорчилигини билдирди”, дейилади ҳокимлик хабарида.
LiveБарчаси