Ўзбекистон Афғонистондан таҳдид сезса, ҳарбий блокка аъзо бўладими?

Жамият

image

Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзолигини тиклаши мумкин. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари институтининг Марказий Осиё ва Қозоғистон бўлими мудири Андрей Грозин айтди.

Унинг фикрига кўра, расмий Тошкент Афғонистондан жиддий таҳдид сезса, КХШТга қайтиши мумкин.

“Афғонистондаги беқарор, потенциал ўта хавфли вазият Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларнинг ўзгаришига таъсир қилиши мумкин. Мен мамлакатнинг КХШТга аъзолигини тиклаш имкониятлари ҳақида гапиряпман”, дейди у.

Фото: Андрей Грозин

Шу билан бирга, эксперт Ўзбекистон ташқи сиёсатда бундай кескин ҳаракат қилиши учун жиддий ташқи муаммолар юзага келиши кераклигини таъкидлаган. Грозин Ўзбекистон икки бор КХШТга аъзо бўлганини эслаб ўтди.

“Расмий равишда Ўзбекистон КХШТ таркибидан чиқмаган. Охирги марта биринчи Президент Ислом Каримов даврида аъзолигини тўхтатди”, дейди таҳлилчи.

Грозин расмий Тошкент тинч йўл билан ривожланаётган Афғонистондан манфаатдор эканлигини, бу эса Ўзбекистон учун қулай ташқи муҳит яратишини ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари орасида айнан Ўзбекистон республикага нисбатан энг фаол позицияга эга эканини таъкидлаган.

“Улар (Ўзбекистон расмийлари—таҳр.) Афғонистонни ижодий иқтисодий фаолиятга жалб қилиш орқали террорчилик таҳдидлари хавфини камайтириш мақсадида Афғонистон ҳудудида турли хил иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга, икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга уринмоқдалар”, дейди у.

Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, Афғонистондаги вазият келажакда қандай ривожланишини олдиндан айтиш мушкул.

“Мамлакат ҳозирда ўнлаб йиллар давомида суст режимда давом этаётган фуқаролик уруши остонасида турибди”, дейди эксперт.

Шу ўринда қайд этиш керакки, жорий йилнинг 12 июль куни Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ учун брифингда мамлакат қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши мумкин эмаслиги ва у ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга ҳам қўшила олмаслигини таъкидлаган.

Фото: Шерзод Асадов

“2012 йилда қабул қилинган Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва мудофаа тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши мумкин эмас ва биз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга ҳам қўшила олмаймиз. Бу қонунда белгилаб қўйилган”, дейди Шерзод Асадов.

КХШТ қандай ташкилот?

КХШТнинг вазифаси қўшин ва ёрдамчи бўлинмаларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан шартномада иштирок этадиган мамлакатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи ҳарбий ва сиёсий тажовузкорлардан, халқаро террорчилардан, шунингдек кенг кўламли табиий офатлардан ҳимоя қилишдан иборат. Бироқ, КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий бирлашма сифатида ҳеч қачон ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 6 давлат: Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.

Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзоси бўлган

Қайд этиш керакки, КХШТ асоси 1992 йили Тошкентда қўйилган. Ўшанда ушбу шартномани Ўзбекистон ҳам имзолаган. Бироқ, расмий Тошкент 1999 йилда ушбу келишувга аъзоликни давом эттиришдан бош тортган. Орадан бин қанча муддат ўтиб, 2006 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги тикланган. Кейин 2012 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги яна тўхтатилган. 

Қўшни Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 6 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 90 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Расмий Кобул ҳаракат тарафдорларига қарши қарши ҳужумларни режалаштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

349

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг