Ўзбекистон Афғонистондаги кескинлик фонида КХШТ ҳарбий блокига аъзо бўладими?

Жамият

image

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши мумкин эмас ва у ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга ҳам қўшила олмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов бугун, 12 июль куни ОАВ учун брифингда маълум қилди.

“2012 йилда қабул қилинган Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва мудофаа тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши мумкин эмас ва биз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга ҳам қўшила олмаймиз. Бу қонунда белгилаб қўйилган”, дейди Шерзод Асадов.

Шунингдек, Президент матбуот котиби КХШТга (Коллеткив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) аъзо бўлиш бўйича Ўзбекистонга ҳеч қандай таклиф келиб тушмаганини қўшимча қилди.

“Бундан ташқари, бизларга ҳеч қандай бунақа таклиф ҳам КХШТга аъзо давлатлар томонидан келиб тушгани йўқ”, дейди Асадов.

КХШТ қандай ташкилот?

КХШТнинг вазифаси қўшин ва ёрдамчи бўлинмаларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан шартномада иштирок этадиган мамлакатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи ҳарбий ва сиёсий тажовузкорлардан, халқаро террорчилардан, шунингдек кенг кўламли табиий офатлардан ҳимоя қилишдан иборат. Бироқ, КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий бирлашма сифатида ҳеч қачон ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 6 давлат: Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.

Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзоси бўлган

Қайд этиш керакки, КХШТ асоси 1992 йили Тошкентда қўйилган. Ўшанда ушбу шартномани Ўзбекистон ҳам имзолаган. Бироқ, расмий Тошкент 1999 йилда ушбу келишувга аъзоликни давом эттиришдан бош тортган. Орадан бин қанча муддат ўтиб, 2006 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги тикланган. Кейин 2012 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги яна тўхтатилган. 

Қўшни Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 6 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 90 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Расмий Кобул ҳаракат тарафдорларига қарши қарши ҳужумларни режалаштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

424

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг