Ўзбекистон Афғонистон билан ҳарбий ҳамкорлик қилиши мумкин
Жамият
−
11 Март 4573 2 дақиқа
Ўзбекистон Афғонистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин. Бу ҳақда Президентнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, жаҳонда содир бўлаётган мураккаб глобал жараёнларни инобатга олган ҳолда Қуролли кучларнинг қудрати, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада ошириш мақсад қилинган.
Шу мақсад доирасида минтақада ишонч чораларини мустаҳкамлашга қаратилган фаол ҳарбий-сиёсий мулоқотни олиб бориш, шу жумладан, Афғонистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Хусусан, жорий йил июнда Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Афғонистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибиятига киритилади.
Сентябрда эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Марказий Осиё давлатларига ҳамкорлик режаларига ва афғон томонига ҳамкорлик ўрнатиш бўйича таклифларни юборилади.
Шунингдек, октябрь–декабрда ижобий жавоб олингач, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти билан келишилган ҳолда, хорижий ҳамкорлар билан тегишли тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Қуролли кучлари “Global Firepower” томонидан элон қилинган рейтингда ҳарбий қудрат бўйича Марказий Осиёда еткачи бўлган эди. 2026 йилги рейтингга кўра, Ўзбекистон 145 мамлакат ичида ўз рейтингини беш поғонага яхшилаб, 53-ўринга кўтарилган ва бу натижа орқали 58-ўринни эгаллаган Қозоғистонни ортда қолдирган.