Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати сўраган ёрдамни етказиб берди

Жамият 22954
image

Ўзбекистон Афғонистонга 1000 дона кислород баллонларидан иборат гуманитар ёрдамни етказиб берди. Шавкат Мирзиёев Афғонистон ҳукуматининг фавқулодда сўраган ёрдамига биринчи бўлиб эътибор қаратган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котибиниг ёзишича, шу кунларда Афғонистон Ислом Республикасида пандемиянинг учинчи тўлқини кузатилмоқда. Афғонистон ҳукумати халқаро жамоатчиликка мурожаат қилиб, қийин ҳолатдан чиқиш бўйича кўмак сўраган.

Қайд этилишича, ушбу мурожаатга биринчи бўлиб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эътибор қаратган ва Афғонистон томонига аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга зарур бўлган инсонпарварлик юкларини юбориш бўйича топшириқ берган. 

Кеча, 11 июнь куни Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида афғон томонига 1000 дона кислород баллонларидан иборат гуманитар юкни топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Балх вилояти губернатори Фарҳод Азимий ва Вилоят кенгаши раиси Муҳаммад Хадид сўзга чиқиб, Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган ёрдам Афғонистон халқига чинакам биродарлик муносабатининг ёрқин намунаси эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ўз нутқида озиқ-овқат ва дори-дармонлар Афғонистонга пандемияга қарамай узлуксиз равишда Ўзбекистон-Афғонистон чегараси орқали етказиб берилаётганини айтган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 695
Рейтинг: 3
Теглар
t
×