Ўзбекистон ҳукуматига табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш бўйича парламент сўрови юборилди

Жамият

image

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ҳукуматга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, улардаги ўсимлик ва ҳайвонотни асраш ҳамда кадастрини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарор кеча, 30 март куни Сенатнинг эллик биринчи ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласини кўриб чиқиб, мазкур сўров муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, улардаги ўсимлик ва ҳайвонот оламини асраш ҳамда кадастрини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўз ичига қамраб олишига келишган. 

Билдирилишича, республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумий майдони 6,321 млн гектарга етказилиб, улар мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда эса Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонлар (умуртқали) турларининг 83 фоизи ва ўсимлик турларининг 89 фоизи қамраб олинган.

“Аҳоли томонидан ноқонуний тарзда чорва моллари боқилиши ва бошқа салбий омиллар сабаб муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий биомассаси сийраклашган. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг биологик хилма-хиллиги, деградация жараёнлари, уларнинг хўжалик имкониятларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари талаб даражасида эмас”, дейилади Сенат баёнотида.

Айтилишича, инқирозга учраган майдонларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилмаганлиги туфайли шамол ва сув таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чўлланиш, чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиши сурункали тус олмоқда.

“Сўнгги йилларда турли табиий ва антропоген омиллар туфайли ҳайвонот ва наботот олами турлари сони камайиб, яшаш муҳитларидаги аҳвол янада кескинлашмоқда. Айрим муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ўрнатилган тартиб-қоидалар (режим) бузилиши, жумладан, браконьерлик, ноқонуний қурилишлар ҳамда чорва моллари боқилиши оқибатида ёввойи ҳайвон ва ўсимликларга зарар етказилмоқда. Аксарият ҳолларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаяпти”, дейилган сўровда.

Қолаверса, соҳада мутахассислар тайёрлаш тизими етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги боис, малакали кадрлар етишмовчилиги юзага келган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сенаторлар қуйидагиларни амалга ошириш лозимлигини айтиб ўтган:

  • муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган маблағларни мақсадли сарфлаш;
  • браконьерлик, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабандаси, ноқонуний қурилишларни олдини олиш;
  • чорва молларини боқиш, кадастр маълумотларини шакллантириш ва таҳлил қилиш;
  • соҳани рақамлаштириш.

Шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини янада кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш, ижара муносабатларини такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик қоидаларини жорий этиш, ёнғин хавфсизлигини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалий чоралар самарадорлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича ишлар ҳолати юзасидан сенатор сўровини юборган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

сўров парламент табиий ҳудудлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made