Ўзбекистон ҳарбийлари АҚШда рекорд натижа билан ғалаба қозонди (видео)
Жамият
−
24 Март
10373Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари, кичик сержант Алишох Абдуллаев ва III даражали сержант Шоҳрух Жовкашев жорий йилнинг 17-20 март кунлари АҚШнинг Миссисипи штати “Camp Shelby” ҳарбий-ўқув базасида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи–2025” мусобақасида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар АҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашган. Мусобақа давомида Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (6 та машқни ўз ичига олган Фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага ориентирлаш, 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, АҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, тиббий тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартларни муваффақиятли бажарган.
“Жумладан, ҳарбий хизматчиларимиз жамоавий баҳс — 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш шартини 1 соат 50 дақиқа ичида бажарди. Шунингдек, якка тартибдаги баҳсларда III даражали сержант Шоҳрух Жовкашев 3 километр 219 метр масофани 11 дақиқа 18 сонияда босиб ўтган бўлса, кичик сержант Алишох Абдуллаев 250 метр масофага югуриш давомида мажмуавий машқларни 1 дақиқа 18 сонияда бажариб, 5 килограмм оғирликдаги коптокни 12,3 метр масофага улоқтиришга муяссар бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур шартларнинг барчасида ҳарбий хизматчиларимиз мусобақа рекордини янгилади”, дейилади хабарда.
Якунда ҳарбий хизматчилар мусобақанинг махсус соврини билан тақдирланган. Кеча, 23 март куни ғолиблар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.
Маълумот учун, мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 йилдан бери қатнашиб, ҳар бирида иштирокчилардан мутлақ устунлик билан ғолибликни қўлга киритиб келади.
LiveБарчаси