Uzbekistan Airways Европа давлатларига бориш учун Россия осмонидан учиб ўтишни тўхтатди
Жамият
−
28 Январь
8831Айрим халқаро ташкилотлар Россияда бўлаётган воқеалар туфайли унинг осмони хавфсиз эмас, деб ҳисобламоқда. Шунга кўра, Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳам эндиликда Европа давлатларига бориш учун Россия осмонидан учишни тўхтатди. Бу ҳақда бугун, 28 январь куни Uzbekistan Airways Акциядорлик жамияти Бошқарув раиси Шуҳрат Худойқулов маълум қилди.
Унга кўра, хавфсизликни таъминлаш мақсадида Uzbekistan Airways Миллий авиакомпанияси Европага парвоз йўналишларини қайта кўриб чиққан ва асосан Туркия ва Озарбайжон орқали парвоз йўналишларини ўзгартиришга қарор қилган.
“Европа авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) билан муҳокамалардан сўнг биз Европа шаҳарларига парвозлар йўналишларини бутунлай ўзгартирдик. Агар илгари парвозларимиз Россия ҳаво ҳудуди орқали ўтган бўлса, энди мана 20 январдан бошлаб парвозлар Озарбайжон ва Туркия устидан парвоз қилмоқда. Натижада, парвоз вақти 30-40 дақиқага ошди. Бу компания учун қўшимча харажатларга олиб келди, лекин биз авиачипталар нархларини қимматлаштириш томонга қайта кўриб чиқмадик — барча харажатларни ўзимиз қопладик”, деди Uzbekistan Airways бошқарув раиси.
Унинг айтишича, бу йўловчилардан қўшимча харажат талаб қилмайди.
“Бу форс-мажор ҳолати ҳисобланади. Шунинг учун биз бунга йўловчи пул тўлаши керак эмас, деб ҳисоблаймиз”, деди у.