“Uzbekistan Airports” аэропортларни очишга тайёрланмоқда

Жамият

image

Дунёда коронавирус пандемияси таъсири камайиб, мамлакатлар бирин-кетин ўз чегараларини очишни бошлаган вақтда “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ҳам Ўзбекистон аэропортлари фаолиятини қайта тиклашга қаратилган тадбирларни ўтказмоқда. 

Жамият, хусусан 20дан зиёд хорижий авиакомпания вакиллари ҳамда “Ўзавиация” агентлиги иштирокида ўтган очиқ мулоқот ўтказди. Тадбирда Turkush Airlines, Fly Dubai, Korean Air, Asiana, Air Astana, Aeroflot, Сибирь ва бошқа аваикомпания вакиллари иштирок этди.

Музокараларда пандемия ва ундан кейинги ҳолатларда хорижий авиакомпанияларнинг ўзаро парвозларни қайта тиклаш ва самарали йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган. 

Учрашувда “Uzbekistan Airports” АЖ Бошқаруви раиси Равшан Исмоилов ҳамда хорижий авиакомпания вакиллари сўзга чиқиб, парвозларни қайта тиклашга ҳар жиҳатдан таёр эканликларини билдиришди, деб хабар қилмоқда “Uzbekistan Airports” АЖ Ахборот хизмати. 

Маълумот учун, 4 июндан бошлаб Австрия ўзига қўшни бўлган 7 давлат билан чегараларини очган эди. Италия ва Испания ҳам бироз олдин ўз чегараларини сайёҳлар учун очишини маълум қилган эди. Латвия, Литва ва Эстония эса 1 ой олдин ўзаро чегараларини очиқ деб эълон қилган, 1 июндан бошлаб эса – яна 24та Европа давлатлари фуқаролари кириб-чиқишига рухсат берган эди. Болтиқбўйи давлатларига кириш чекловлари фақат Бельгия, Британия, Швеция ва Португалия фуқаролари учун сақлаб қолинган.

Туркия эса кеча, 11 июнь куни мамлакатга кириб-чиқиш учун ўрнатилган чекловларни юмшатди. Туркияликлар ва хорижий фуқароларга мамлакатга кириб чиқишга рухсат берилди. Фақатгина қуруқлик орқали Эрон билан чегара орқали киришга бўлган тақиқ сақлаб қолинди. Ҳаво қатновлари Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар ва Транспорт вазирликлари томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда. 

Айни вақтда Ўзбекистон ҳам ҳаво орқали қатновларни амалга оширишга рухсат бериш арафасида турибди. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 3 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида илк парвозлар Туркияга амалга оширилиши ҳақида маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туризм Uzbekistan Airports

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг