Ўзбекистон тарихдаги доғидан холи бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон 2021 йилги пахта терими тизимли мажбурий ва болалар меҳнатидан холи бўлди. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботида сўз боради.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда пахтачилик саноатида ислоҳотлар бошланганидан бери ўтган етти йилда икки миллион бола ва ярим миллион катта ёшдагилар мажбурий меҳнатдан озод этилган.

ХМТ мониторинг гуруҳи 2021 йилдаги пахта терими мавсумида 11 минг теримчи билан суҳбатлашган, уларнинг 99 фоизи ўз хоҳиши билан ишлаётганини айтган. Барча вилоят ва туманларда мажбурий меҳнат билан боғлиқ жуда кам ҳолат аниқланган ёки умуман кузатилмаган.

Бир фоиз теримчилар тўғридан-тўғри ёки эҳтимолий мажбурловга учраган. Респондентларнинг 0,47 фоизи маҳалла вакиллари томонидан ижтимоий нафақалар билан боғлиқ таҳдидларга учраганини, 0,12 фоиз репондент иш берувчилар томонидан иши ёки маошини йўқотиш билан боҳлиқ таҳдидларга учраганини айтган.

Хулосалар Жаҳон банки билан келишув асосида 2015 йилдан буён Ўзбекистонда пахта теримини мониторинг қилиб келаётган ХМТнинг учинчи томон мониторинги лойиҳасининг сўнгги натижалари ҳисобланади.

Сўровда қатнашган пахта теримчиларининг аксарияти 2020 йилдан бошлаб меҳнат шароитлари яхшиланганини маълум қилишган. Фақат 5 фоизи шароитлар (транспорт, озиқ-овқат, сувдан фойдаланиш, гигиена ва бошқа қулайликлар) аввалги йилга қараганда ёмонроқ эканлигини айтган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар саккизинчи киши пахта теримида қатнашган. Шу билан бирга, теримчиларнинг 62 фоизини хотин-қизлар ташкил этиб, уларнинг мутлақ кўпчилигини қишлоқ фуқаролари ташкил этди.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон дунёда пахта етиштириш бўйича олтинчи ўринда туради. 


Мақола муаллифи

Теглар

пахта

Баҳолаганлар

770

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made