QALAMPIR.UZ суриштирувидан сўнг кутубхоначиларни теримга чиқарган раҳбар жазоланди

Жамият

image

QALAMPIR.UZ’га Бухоро вилоятидаги Абу Али ибн Сино номидаги ахборот-кутубхона марказида ходимлар мажбурий меҳнатга, яъни пахта йиғим-теримига жалб қилингани юзасидан мурожаат келиб тушганди. Мазкур ҳолат ўз тасдиғини топди ва марказ раҳбари жазоланди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди. 

Билдирилишича, Бухоро шаҳар Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Насиба Аминова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисмида назарда тутилган қонунбузарликка йўл қўйгани учун жаримага тортилган. Ушбу моддага кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача (20 млн сўмдан 41 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

QALAMPIR.UZ’га келган мурожаатда ахборот-кутубхона марказининг 32 нафар ходими жорий йилнинг 5 октябрь куни Бухоро туманидаги фермер хўжалигида 1503,0 кг пахта териб бергани маълум қилинганди. Шунингдек, мурожаатчининг билдиришича, у ҳолат бўйича Меҳнат вазирлигининг қисқа рақами билан боғланган, бироқ унинг аризаси аноним тарзда қабул қилинмаслиги тушунтирилган.

Таҳририят ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ахборот-кутубхона маркази билан боғланганда эса Марказ маъмурияти ходимлар томонидан имзоланган розилик хатини илова қилиб, улар ўз хоҳиши билан, қўшимча даромад олиш мақсадида теримга чиққанини маълум қилганди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 74 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланди. Меҳнат қонунчилигини бузган мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-модда (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 1-қисми билан маъмурий жарима қўлланилган. 8 нафар мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисми билан жазоланган. 1400 нафардан ортиқ теримчилар билан мавсумий меҳнат шартномалари тузилишида ёрдам кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қумқўрғон туманида ҳоким ўринбосари Нигора Жумаеванинг оила ва хотин қизлар фаолларига пахта теримига теримчиларни жалб қилишга топшириқ бергани тасдиғини топиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисми асосида жарима қўлланилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

пахта Бухоро кутубхона терим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг