Ўзбек-хитой вакцинасининг “бустер” дозаси “omicron”дан ҳимоя қилиши айтилди

Саломатлик

image

ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинасининг кучайтирилган дозаси “omicron”дан 100 фоиз ҳимоя қилади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова маълум қилди.

Мутахассисга кўра, “omicron”нинг дунё бўйлаб тез тарқалишини инобатга олсак, унинг Ўзбекистонда пайдо бўлиши вақт масаласи бўлган.

“Илғор технологиялар маркази раҳбари сифатида ZF-UZ-VAC2001  синовларида ва вирусли мутацияларни ўрганишда фаол иштирок этарканман, мамлакатимиздаги энг оммабоп ўзбек-хитой вакцинаси устида олиб борилган тадқиқотлар янги штамм бўйича яхши натижаларни кўрсатаётганини айтишим мумкин. Вакцинанинг кучайтирилган — бустер дозаси “omicron”дан деярли 100 фоизҳимоя қилади. Хитойлик ҳамкасбларимиз ҳам буни тасдиқладилар”, деган Шаҳло Турдиқулова.

Унга кўра, махсус комиссия йиғилишида аҳолини, шу жумладан ZF-UZ-VAC2001 нинг кучайтирилган дозалари билан эмлашни зудлик билан тезлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 январь куни Ўзбекистонда коронавируснинг “omicron” штаммига чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Янги штамм кириши билан мамлакатда карантин чекловлари кучайтирилди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистонда олий таълим муассасалари талабалари ва мактаб ўқувчиларининг қишки таътили 24 январгача узайтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

omicron

Баҳолаганлар

249

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг