Ўзбек-қирғиз чегараси бўйича муаммолар қолмади. Қайси ҳудудлар Қирғизистонга ўтяпти?

Жамият

image

Аввалроқ, 22 март куни ўзбек-қирғиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон ҳукумати делегацияси раҳбари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев Тошкентга учиб келгани ҳақида хабар берган эдик. 

Камчибек Ташиев 24-25 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Қирғизистон ва Ўзбекистон делегацияси ўртасидаги учрашув натижаси ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда “АКИpress” нашри ёзмоқда.

“Биз жуда қийин масалаларни кўриб чиқдик. Энди баҳсли ҳудудлар йўқ, масала 100 фоизга ҳал қилинди. Икки кунлик музокараларда Қирғизистон 8000 гектар ер олди“, дейди Ташиев.

Ташиевга кўра, томонлар қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ижобий динамикани қайд этган. Улар чегаранинг қолган участкаларини белгилаш бўйича ўзаро таклифларни муҳокама қилган.

Ташиевнинг таъкидлашича, томонлар қуйидаги шартлар асосида лойиҳа чизиғини 312-сонли чегара пунктидан 312/3-сонли чегара пунктигача горизонталь ҳолда ўтадиган Кампиробод (Андижон) сув омборининг 900 горизонтал қисмини Ўзбекистон ҳудудида қолишига келишиб олган:

  • 900 горизонталдан юқори бўлмаган даражада тўлдиришни назарда тутган ҳолда Кампиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим тузиш;
  • ўзбек томони Қирғизистон фуқароларининг сув ва ундан фойдаланиш (суғориш, балиқ овлаш ва бошқалар) имкониятини таъминлаши;
  • Ўзбекистон томони сув омбори ҳавзаси атрофида муҳандислик иншоотларини ўрнатмасликни ўз зиммасига олади.

Шунингдек, Ташиевнинг таъкидлашича:

  • Ўзбекистон демаркация пайтида, Қирғизистонга мамлакатнинг Андижон вилояти чегарасидаги 304 ва 312-сонли чегара пунктлари оралиғида, Ўш вилоятининг Ўзген туманига ва Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманига туташган 1000 гектар ер майдонини беради;
  • шу муносабат билан томонлар Қирғизистон ва Ўзбекистон сув хўжалиги ташкилотларига Кемпиробод сув омборининг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасини ишлаб чиқишни топширган;
  • томонлар Ўзбекистонга 50 гектарга яқин ер қолдириб, Шаҳрихонсой каналининг (чап томони), Андижон сув омбори тўғонини 312 ва 312/3 сонли чегара пунктлари ҳудуди деб белгилашга келишиб олдилар;
  • Ўзбекистон томони чегараларни белгилаш пайтида товон пули асосида  Ўш вилоятининг Ўзган туманига туташ бўлган 304 ва 312-сонли чегара пунктлари оралиғидаги ер майдонларини Қирғизистон томонига топширади;
  • Орто-Токой (Косонсой) сув омбори қурилиши учун ажратилган ернинг ўрнини қоплаш учун 23 ва 24-сонли чегара пунктлари оралиғидаги 105 гектар ерни Қирғизистон Республикаси ҳудудида қолдирилади;
  • Баястан ҳудуди, 81 ва 82-рақамли чегара нуқталари орасидаги 212 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • Савай ҳудуди, 312/4 ва 312/6-рақамли чегара нуқталари орасидаги 100 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • Ункар-Тоо ҳудуди, 113 ва 114-рақамли чегара нуқталари орасидаги 35 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • демаркация вақтида Белес ҳудуди қайта хатловдан ўтказилади, 25 ва 27-рақамли чегара нуқталари орасидаги 25 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • қўшма дала тадқиқотларидан сўнг Гавасой ҳудуди хатловдан ўтказилади, бунда Кампир-Обод каналининг қурилмаган чап соҳили эвазига Қирғизистонга 8000га ер қолдирилади.

Шунингдек, томонлар Чечме (Чашма) булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида ҳукуматлараро битим лойиҳасини тайёрлашга келишиб олган. Томонлар ишчи гуруҳларга қўшма жойларда тадқиқотлар ўтказиш ва юқоридаги ҳудудларни белгилаш бўйича таклифлар тайёрлашни буюрган.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Ункар-Тоо ўзбек-қирғиз

Баҳолаганлар

1772

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг