Ўзбек футболини тотализаторга айлантирган иккинчи шахс аниқланди

Спорт

image

Шу мавсумнинг ўзида ўзбек футболини тотализаторга айлантирган иккинчи шахс аниқланди. Бири 5 йилга, иккинчиси умрбодга футболдан четлаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ПФЛ директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев маълум қилди.

“В СССР секса нет” деганларидек, Ўзбекистонда ҳам тотализатор йўқ. Аммо ундан мўмай пул ишлаб, эвазига футболни балчиққа ботираётган шахслар топилди, фактлари билан бор. Бунга калаванинг учи сифатида қараш тўғрироқ бўлса керак. Ушланганлардан бири тан олиб айтяптики, агар иш прокуратурага ошса, у ё ҳаммани сотиб беради ёки вазиятдан қуруқ чиқиб кетади. Ишонаманки, футболнинг қора оламида кайф қилиб юрганлар борки, иш босди-босди бўлиши учун керак бўлса бир неча миллион долларгача таклиф қилишади. Агарки 1 та ўйиннинг нархи 15-20 минг долларни ташкил қилаётган бўлса, 1 миллион улар учун ҳеч нарса эмас. 

Мана шундай вақтда ЎФА учун тегишли органларнинг ёрдами жуда зарур. У ИИББ бўладими, прокуратура ёки ДХХ бўладими, хуллас, уларнинг кўмагига муҳтожмиз. Чунки ЎФА ўз ваколатига кирадиган ишларни қила олди, қолганини ЎФА айбдор деб топганлар “тилга кириб”, айтиб беришлари мумкин. Агар иш прокуратуранинг жиддий назоратига олинса ва охиригача борилса, футбол анча енгил нафас олиши катта эҳтимол. Бунда на номлар ва на пуллар роль ўйнаши керак, жинояти борми, у ким бўлишидан қатъий назар жавоб берсин! 

Ўйлашимча, ўз вақтида Италия футболида рўй берган инқилоб вақти етиб келди. Темирни қизиғида босиш шарт. Юқоридаги сўзларни очиқ айтаётганимнинг сабаби ҳам аслида шу.  Бизда тотализатор расман йўқ бўлгани билан, факт шуки, уни ўйнашяпти. Бизнинг пуллар Россия, Қозоғистон, Украина томонларга шунчаки оқиб ётибди, футбол эса бунинг касофатига кирадиган жойига кириб кетган. 

Ишонаманки, янги авлод бу жиддий муаммога қарши кураша олади. Умид қиламанки, Купернинг галстуги ёки ҳамкасбининг юришларини мавзу қилиб олаётганлар ҳам ва ниҳоят жиддийроқ масалалар учун биргалашиб курашади. Бугун “қўлга тушган” битта лақманинг ортидан, унга шерик бўлган юзлаб одамлар юрак ҳовучлаб ўтирса-ю, шу сафар ҳам ҳамма бирдек курашмаса, бу футбол одам бўлмайди”, деб ёзади Диёр Имомхўжаев ўз Тelegram каналида.


Мақола муаллифи

Теглар

ЎФА Диёр Имомхўжаев Ўз ПФЛ тотализатор

Баҳолаганлар

134

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг