Ўзбек футболчиларининг қандай бизнеслари бор?
Таҳлил
−
26 Февраль
44582Дунёга машҳур спортчилар, хусусан, футболчилар спортдан ташқари бизнес билан шуғулланиши бор гап. Шу орқали ўз номини бренд даражасига кўтарганлар ҳам талайгина. Ўзбек футболчилари орасида ҳам спортдан ташқари ҳаётда бизнес билан ҳам шуғулланиб турадиганлари анчагина. Эътиборингизга Жалолиддин Машарипов, Отабек Шукуров, Санжар Турсунов каби футболчиларнинг юриб турган бизнеслари ҳақидаги мақолани ҳавола этамиз.
Отабек Шукуров
Футболчилик фаолияти давомида “Машъал”, “Бунёдкор”, “Шаржа”, “Фотиҳ Карагумрюк”, “Ал-Файҳа” клубларида тўп тепган ўйинчи спортдан ташқари бизнес юритиш билан ҳам шуғулланади. Қарши шаҳрида жойлашган “Sh****” савдо комплекси, Туркияда ишлаб чиқариладиган, аммо Ўзбекистонда ҳам кўплаб харидорларга эга “G****” мохито ичимлиги, Қашқадарё вилояти марказида “Ch******” болалар боғчаси кабилар Отабек Шукуровга қарашли. Отабек Шукуровнинг йирик бизнесларидан бири “Sh*****” савдо комплекси 2021 йил 22 февраль куни ишга тушган. Ушбу савдо мажмуаси Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида жойлашган ва мажмуа маиший электроник техника, мебель, спорт зал, озиқ-овқат дўконларини ўз ичига олади.
Санжар Турсунов
Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ футболчиси ва “Иртиш”, “Волга НН”, “Алания”, “Локомотив”, “Оренбург”, “Ворскла”, “Умм Салал”, “Ал-Хартия”, “Тежон”, “Бунёдкор”, ОКМК клубларида фаолият олиб борган Санжар Турсунов ҳам бизнес соҳасига бегона эмас. Футболчи дастлаб Москва шаҳрида “L******” барини очган. Кейинроқ ушбу бизнесни Тошкентда ҳам давом эттиради. 2021 йилнинг 23 сентябрида “L******” Лабзакда фаолиятини бошлайди.
Жалолиддин Машарипов
Саудиянинг “Ал-Наср” клубида бироз муддат жаҳон футбол юлдузи Криштиану Роналду билан бирга тўп тепган Жалолиддин Машарипов ҳам юқорида санаб ўтган жамоадошлари каби бизнесда ҳам ўз ўрнига эга. “M*************”, “X*******” кафетеряси, “J*******” телефон ва аксессуарлар дўкони, “J***********” қурилиш компанияси кабилар Машариповга тегишли. Футболчининг энг йирик бизнесларидан бири айнан қурилиш компанияси ҳисобланади ва ушбу компания томонидан 2023 йилдан тураржой мажмуалари қурилиши бошланган. Айни дамга келиб, мазкур уй калитлари ўз эгаларига топширилмоқда. Машариповнинг яна бир бизнеси бу оддий қилиб айтганда дача. Ушбу дача Тошкент вилоятида жойлашган ва “Оқ уй” деб номланган. Ушбу дача Машариповга қуриб битишини ҳисобга олиб, умумий 400 минг долларга тушган. Футболчи у ерда оиласи билан таътилга чиққанида келиб дам олиб кетади. Бундан ташқари, дачани ижарага бериб, ҳар мавсум 30 минг доллардан фойда қилади.
Сардор Рашидов
Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ футболчиси ва фаолияти давомида “Сўғдиёна”, “Бунёдкор”, “Ал-Жаиш”, “Ал-Жазира”, “Локомотив”, “Насьональ”, “Қатар СК”, “Пахтакор”, “Ал-Қувайт”, “Умм Салал”, “Дубай Сити”, “Навбаҳор” каби клубларда тўп тепган Сардор Рашидов ҳам бизнес соҳасида бир қанча ютуқларга эришди. Жиззах шаҳрида “S***********” тренажёр зали, “S*********” спорт озуқалари онлайн дўкони Сардор Рашидовга тегишли ҳисобланади. Шунингдек, футболчи БААда ўзига тегишли бўлган виллани ижарага бериб, йилига 200 минг доллар фойда кўради.
Улуғбек Бақоев
Футболчилик фаолиятида Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида меҳмонда Эронга урган голи билан мухлислар ёдида қолган Улуғбек Бақоев спортдан ташқари бизнезда ҳам ўз ўрнига эга. Айни дамда футболчилик фаолиятини якунлаб, мураббийликка ўтган Бақоевнинг “Н****” ресторани фаолият олиб бораётганди. Аммо Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган ушбу ресторанда айни дамга келиб, қурилиш ишлари олиб борилаётгани сабаб иш фаолиятида танаффус кузатилмоқда.
Юқоридаги маълумотлар футболчилар ўзи берган интервьюлари ва тасдиқланган маълумотлар асосида тақдим этилди. Албатта, юқорида санаб ўтилган ҳар бир футболчи фаолияти давомида Ўзбекистон терма жамоаси учун анчагина меҳнати сингган ва мухлислар ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган. Уларнинг футболдан ташқари қандай бизнеслар билан шуғулланиши ҳақидаги маълумотлар мухлислар эътиборидан четда қолмайди.
LiveБарчаси