“UzAutoMotors” АЖ шикояти бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди
Жамият
−
09 Октябрь 2020
17065Бугун, 9 октябрь куни, Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди.
Ушбу маъмурий иш судья Ғ. Давлатов раислигида кўрилмоқда.
Бугунги суд мажлисида дастлабки сўз навбати аризачи вакилига берилди. Унда “UzAutoMotors” АЖ вакили ўз важида жавобгар ўтказилган текшириш натижаларига кўра махсус комиссияси томонидан ишни кўришда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганини таъкидлаган. Жумладан комиссия йиғилиши 3, 7 август кунлари ўтказилган бўлса-да, мазкур йиғилиш баённомалари юритилмагани, фақатгина комиссиянинг 19 август, яъни қарор қабул қилинган кундаги йиғилиш баённомаси мавжудлиги, махсус комиссияга йиғилишни ўтказишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома киритилган бўлса-да, Низомнинг 18-банди талаби бузилиб, иш “UzAutoMotors” АЖ вакили иштирокисиз кўрилиб, жамиятга ёзма фикр ва далилларни тақдим этиш ҳуқуқи чеклангани, шунингдек жамиятда ўтказилган текшириш далолатномасида кўрсатилмаган ҳолатлар комиссия йиғилишида муҳокама қилингани, комиссия аъзолари таркибида МҚКҚ раиси Н.Шарипов бўлмаса-да, йиғилишда иштирок этгани, текшириш давомида автомобилларнинг тан нархи асоссиз оширилган деган номақбул далиллар келтирилганини билдириб, текширишда аниқланган камчиликларни инкор этувчи ҳужжатлар тақдим этилган.
Шунингдек, аризачи вакили томонидан судга илтимоснома киритилиб, жамиятда ўтказилган текширишга асос бўлган ҳужжатларни тақдим этиш сўралди.
Ушбу илтимосномани қаноатлантириш тўғрисида суд ўз ўрнида ажрим қилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакилларининг аризачи талабларига нисбатан келтирилган важлари тингланган.
Барча тарафларнинг фикри тингланганидан сўнг, аризачи “UzAutoMotors” АЖ вакили томонидан дастлабки суд мажлисида киритган илтимосномани муҳокама қилишни, яъни жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг тан нархи шакллантирилишида махфий ҳужжатларга асосланилганлиги, МҚКҚ томонидан эса ушбу ҳужжатлар тегишли тартибда ўрганилмасдан қарор қабул қилинганлигини, шу сабабли ўтказилган текшириш ва қабул қилинган қарорга нисбатан ўз эътирозларини билдиришлари лозимлигини маълум қилиб, судга “махфий” грифи остидаги ҳужжатларни тақдим этиб, суд мажлисини мазкур муҳокама қисмини ёпиқ тарзда ўтказиш сўралган.
Ушбу илтимосномани муҳокама қилиш ва суд муҳокамасига тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш учун ишни кўриш кейинга қолдирилди.
Навбатдаги суд мажлиси жорий йилнинг 16 октябрь куни соат 10:00 да ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UZAUTOMOTORS” АЖда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган ишнинг давоми жорий йилнинг 19 август куни кўриб чиқилди. Иш охирида комиссия “UZAUTOMOTORS” АЖ автомобиллар нархини 3 млндан 19 млн сўмгача тушириши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси