“UzAuto Motors” яккаҳокимлиги: Компания қачонгача бошқалар панд еган йўлдан юради?

Таҳлил

image

“UzAuto Motors” АК томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи Damas, Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti каби автомобиллар нархи ошгани аҳоли орасида кескин танқидлар билан қабул қилинди. Хорижда битта компания ўзи ишлаб чиқарувчи товарлар нархини оширса, бунчалик норозиликка сабаб бўлмайди. Хўш, нега бизда аҳоли бу янгиликни муросасиз қабул қилди?

“ИМИ-ЖИМИДА” – ОММАБОП АВТОМОБИЛЛАР ҚИММАТЛАШИШИ 

Компания маҳсулотлари ичида айнан юқоридаги, даромади жиҳатидан ўрта қатлам сотиб олишга имкони етадиган автомобилларнинг нархи ошиши маломатларга сабаб бўлди. Malibu 2, Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe номли халқ учун қиммат саналган автомобиллар қолиб, айнан Damas, Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti қимматлашиши оддий халқни ўйлаб чиқарилмаган қарор сифатида қабул қилинди. 

Нархларнинг ошиши компаниянинг расмий баёноти билан рўй бермади. Аксинча, “UzAuto Motors” сайтида қимтинибгина прайслист эълон қилинди. Бундай ҳолатга депутат Қодир Жўраев шундай дея танқид қилди:

“Бу нима деган гап? На қарор бор, на тегишли ҳужжат бор? Нимадандир қўрққандек, илиб қўйиляпти сайтга. Олдинлари ташкилотлар тушунтиришлар берган. Япониядаги битта музқаймоқ ишлаб чиқарадиган компания 25 йил битта нархни ушлаб турган экан. Охири 9 центга оширгани бўлса ҳам, бутун япон халқидан жамоаси кечирим сўради. Булар эса жадвални илиб қўйяпти”.

Кеча, 12 март куни “Миллий тикланиш” демократик партияси Фракцияси ва “UZAVTOSANOAT” вакиллари ўртасида йиғилиш ўтказилди. Унда депутатлар томонидан берилган аниқ саволларга компания вакиллари умумий, нотўлиқ жавоблар билан чекланишди. 

Компания томонидан келтирилаётган изоҳлар бир-бирига зид келган ҳоллар ҳам кузатилди. Уларнинг тушунарсиз изоҳларидан нархларнинг ўсиши автомобиль эҳтиёт қисмларининг ошиши ёки янги тартибга биноан ҚҚС солиниши билан боғлиқлигини тушуниш мумкин. Бунга бир ҳолат билан изоҳ бериш мумкин: компания соғлом рақобат олиб бормай, ҳар бир жабҳада шаффофликка зид ҳаракатлар олиб бормоқда. На таннархни биламиз, на эҳтиёт қисмлар нархини, на трансфер харажатларини...

Автомобилсозликдаги юқори сафда турувчи Германия, Жанубий Корея каби давлатларнинг оддий ишчига берадиган ойлик маоши ва “UzAuto Motors”даги маош ўртасида ер билан осмон қадар фарқ бор. Ишчиларнинг ойлиги паст бўлганидан кейин, автомобилларнинг нархлари ҳам шунга яраша бўлиши керак эмасми?  Ваҳоланки, ўзимизники деб бонг урилаётган Tracker Premier моделининг нархи 20 минг доллари бўлса, ташқи бозорларда шу синфдаги Hyundai Creta моделининг нархи 15 минг долларни, Nissan Terrano моделининг нархи 15,5 минг долларни ташкил этмоқда. 

САБАБЧИ ПРОТЕКЦИОНИСТЛАР

Сингапур доҳийси Ли Куан Юнинг бир гапи бор:

“Эркин савдони чеклаш, протекционизм иқтисодиётга, глобал ривожланишга зарар келтиради”.

Протекционизм ўзи нима? Протекционизм (франц. protectionnisme, ptotectio - ҳимоя), миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат иқтисодий сиёсати. Бу сиёсат ўзида савдо барьерларини қўйиш, ички бозорни ташқи бозордан чегаралаш, маҳаллий маҳсулот билан хориждан келган маҳсулотлар ўртасида рақобатни камайтириш ёки йўқотиш каби усулларни мужассам қилади.      

Юқорида депутат Қодир Жўраевнинг фикрини келтирдик. Депутатнинг айтишича, Японияда бир компания 25 йилдан сўнг маҳсулот нархини 9 центга оширгани учун харидорлар олдида узр сўрамоқда. Нега нархларни юқори даражага олиб чиққан компания ҳаттоки тукини қимирлатиб қўймайди? Сабаби бу компания Монополияга қарши курашиш қўмитасининг берган маълумотига биноан, ўз фаолиятида истеъмолчи ҳуқуқларини камситиш ҳолатларига йўл қўйиб келган. Бундан тушуниш мумкинки, бу компания қилган иши учун узр сўрашини кутиш нотўғри. Чунки, протекционизм сиёсатида монопол мавқега эга компаниянинг айтгани – айтган, дегани – деган.

МУРАККАБ БОЖХОНА ҲИСОБ-КИТОБИ

Протекционизм сиёсати бўйича сиз монопол мавқедаги компаниядан маҳсулот сотиб олишдан воз кечсангиз нима бўлади? Айтайлик, хориж автомобилини сотиб олмоқчисиз. Уни эркин сотиб олиш имконияти мавжудми? Бозор иқтисодиётида рақобат муҳити, танлов доим бўлиши керак-ку. Лекин ҳаммаси шунчаки осон эмас. Қуйида бир хориж автомобилини олиб киришдаги мураккабликлар ва “тоғдан баланд” нархлар ҳақида мисолни кўришингиз мумкин: 

Hyundai Porter – божхона қиймати 11316,67 АҚШ доллари. Ушбу миқдорга қараб қолган тўловлар ҳисобланади:

•    22, 63 доллар божхона йиғими – божхона қийматининг 0,2 фоизи;
•    6391,4 доллар бож – божхона қийматининг 30 фоизи ва 1,2 доллар куб/метр;
•    15 412, 67 доллар акциз – божхона қийматининг 70 фоизи ва 3 доллар куб/метр қилиб белгиланган. Ушбу миқдорларни жамлаганда 21 826, 7 доллар келиб чиқди. Бу кичик рақам эмас. 

Энди келиб чиққан суммадан қўшилган қиймат солиғига келсак: бу ҳам қизиқ жараён. Хориждан олиб кирилаётган ушбу автомобилга ҚҚС 15 фоиз қилиб солинган. У ҳам қандай ҳисобланади? Шундайлигича автомобиль божхона қиймати (11316,67 доллар)га эмас, юқоридаги тўловлар билан шаклланган суммага нисбатан ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, 11 316,67 доллар ва 21 826,7 доллар қўшилган сумманинг, яъни 33 120,74 долларнинг устига 15 фоиз ҚҚС юк бўлиб ўтиради. Бу эса 4 968,11 доллардир. 11 316,67 доллар қаёқда-ку, 33 120,74 доллар қаёқда? 

Ҳаммаси бўлиб 26 797,18 доллар, яъни 255 011 889 сўм дегани (2019 йил 27 декабрь ҳолатига кўра). Биргина 11 316,67 доллар дея баҳоланувчи Hyundai Porter Ўзбекистонга кирадиган бўлса, бунинг учун 255 011 889 сўм тўлов қилишингиз лозим. Лекин ушбу маркали машинангизда кондиционер бўлса, бахтингиз. Бу сумма 16 391 952 сўмга айланиши мумкин. 

Келинг, айнан бу маркадаги автомобилни бошқа давлатларга олиб кириш қандайлигини ва қанчага тушишини таққосласак. Бу автомобилни Арманистонга олиб кирмоқчи бўлсангиз, 10 фоиз бож (1 131 доллар), 20 фоиз ҚҚС (2 489 доллар) ва 10 фоиз (1 131 доллар) атроф-муҳит учун солиқ тўлайсиз. Жами 4 753 долларни тўлайсиз, холос. 

Тожикистонда бу маркали автомобилга бож солиниши соддароқ тартибга олинган. Бундай мураккаб жараён шарт эмас. Автомобилга 1700 долларгача тўлов қилинади ва мамлакат ичига ҳайдаб кириш мумкин. 


 
БАЛОГА ҚОЛГАН ҚҚС

“UZAVTOSANOAT” АК Савдони ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Мирсамуков янги солиқ тартиби нархга таъсир қилгани ҳақида шундай дея изоҳ берди: 

“ҚҚС бу таннархга эмас, умуман маҳсулотга ётқизиладиган солиқдир. Буларни тўлаганда ҳам нархни оширмасликка ҳаракат қилдик. Лекин, 15 фоиз жуда катта оғирликдир”. Сўзининг сўнгида масъул шахс “Қилинган ишларни кўриб, жамоага танқид эмас таклиф берилса, бизга далда бўларди”. 

Агар 15 фоиз ҚҚС нарх ошишига сабаб бўлса, нега барча автомобиллар нархи 15 фоизга ошмаган? Нега Damas ва Spark нархлари 21 фоизгача кўтарилган? 

Лекин тан олиш керакки, янги ҚҚС тартиби халққа икки карра солиқ солишдир. Бир тарафдан аҳоли протекционизм сабаб қиммат нархга асосланган машиналарни сотиб олишга мажбур. Hyundai Creta’ни 15 минг АҚШ долларига сотиб олмай, шу синфдаги Tracker Premie’ ни 20 мингга харид қилади. Бунинг устига 15 фоиз ҚҚС ҳам тўлайди. Бу тартибни ташқаридан келган душман эмас, ўзимизнинг мулозимлар жорий қилди.

“МИЛЛИЙ БРЕНД – МИЛЛИЙ ҒУРУР”

Компания вакиллари, кўплаб мулозимлар орасида бир гап доим тарқалган – миллий бренд – миллий ғурурдир. Аслида ҳам шундайми? Ёки бу рақобат қонунларига зид ҳаракат қилган монопол компаниянинг одамларнинг кўзига пушти кўзойнак таққан шиорими?

Сhevrolet’ни ўзбек яратмаган бўлса, Malibu ва Tracker автомобиллари бизда фақатгина терилса, буларнинг нимаси миллий бренд? Apple компаниясининг Хитойда шўьба заводи мавжуд. Асосий маҳсулотлар шу ерда ишлаб чиқарилади. Лекин бирор жойда бу Хитойнинг миллий маҳсулоти деган гапни учратмайсиз. 

ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА 

Туркия

ХХ асрнинг 50-60 йилларида Туркияда автомобиль ишлаб чиқариш бошланди. Автомобиль импортидан ҳимояланган ҳолда Ford, Renault ва Fiat каби йирик автомобиль компанияларининг корхоналари автомобиль чиқаришни йўлга қўйди. Лекин буларни Туркия ҳеч қачон миллий бренд сифатида тан олмади. 

1980 йилларда мазкур сектор либераллаштириш босқичини бошидан кечирди. 1990 йилларда хориждан автомобиль олиб кирилиши бошланди. 

1990 йиллар иккинчи ярмида фуқароларнинг харид қобилияти ошиши натижасида автомобилларни экспорт қилиш бошланади. 2000 йилларда 8,4 млрд долларга тенг автомобиль ишлаб чиқарилади. 2002 йилларда 26 минг одам автомобиль компанияларида йиғиш ишлари билан банд бўлган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳисоблаганда ишчилар 150 минг нафаргача етган. Ўша йили 3,7 млрд. долларлик экспорт амалга оширилган. Машина териш ишларида 2010 йилга келиб 265 минг киши меҳнат қилган. 

2021 йилда Туркия илк бор миллий автомобилини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Ўтган йил охирида Президент Эрдўған бошчилигида янги илк автомобиллар тақдимоти ўтказилди.  TOGG номини олган автомобиллар билан қадамни каттароқ ташлади. Улар анъанавий ёқилғи билан ҳаракатланувчи автомобиллар ўрнига электромобиль ишлаб чиқарилишини эълон қилди. 2030 йилгача седан, хетчбек, С ва В сегментдаги машиналар ишла чиқиш режага киритилган.

Россия 

ХХ аср 90 йилларида Россия аҳолисининг харид қобилияти юқори бўлмагани боис, Россия автосаноати асосан чет эл автомобилларини ички бозорга киришини божхона тарифлари билан чеклаб қўйди. Бироқ, 2000 йилларнинг бошида аҳоли даромадининг ўсиши 2002 йилда ярим миллиондан ошиқ автоулов импорт қилинишига олиб келди. 2002 йил июль ойида Россия ҳукумати автомобилсозлик саноатини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқди. Ўша йилнинг октябрида 7 ёшдан ошган хорижий автомобилларнинг мамлакатга кириши тақиқлашни назарда тутувчи божхона тарифлари жорий қилинди.

2001 йилда Россия Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича музокаралар чоғида янги автомобилларга импорт божларини 30 фоиздан 25 фоизга туширди. 2019 йилга келиб улар 15 фоизга туширилиши керак эди.  Муаммонинг ечими утилизация тўловини жорий этиш бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзларни яратиш шу йўл билан амалга ошириларди.

Бундан ташқари, Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишининг шартлари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бериладиган имтиёзларга зид эди.  Россия 2020 йилга қадар алоҳида ишлаб чиқарувчиларга бутловчи қисмларга божхона тўловларидан озод қилишни бекор қилишга ваъда берди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, нархлар ошиши билан боғлиқ муаммо бир сафарлик масала эмас. Бу тизимли тарзда ҳал этилиши керак. Аввало, кўплаб давлатлар фойдаланган ва ўз вақтида панд еган протекционизм сиёсатидан воз кечиш лозим. Шунингдек, ташқи савдо муносабатларини жонлантириш ва тартибга келтиришга хизмат қилувчи Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишларини тезлаштириш яқин истиқболдаги режага киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

UzAuto Motors UZAVTOSANOAT

Баҳолаганлар

245

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг