UzAuto Motors дилерлик корхонаси раҳбарини ишдан олди

Жамият 5286
image

UzAuto Motors компанияси хато ва камчиликларга йўл қўйган дилерлик корхонаси раҳбарини лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Ўрганишлар давомида “Хоразм Автосавдо” МЧЖ дилерлик корхонаси фаолиятида бир қатор хато ва камчиликларга ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилганлиги намоён бўлди.

Маълум бўлишича, автосалонда сотув жараёнлари шаффофлигини таъминлайдиган ва автомобиль сотиб олаётган мижозларга қулай шароит яратувчи тизимли ишлар ташкил қилинмаган. 

Автосалон ҳамда таъмирлаш участкасида хавфсизлик, санитария ҳолати белгиланган тартибга мос эмас, автосалон савдо бўлими зарур ва етарли даражада ходимлар билан таъминланмаган. Автомобилларни сақлаш ва мижозга етказиб бериш бўйча бир қанча камчиликлар мажуд бўлган. Сотув олди кўриги участкаси стандарт асосида ташкил қилинмаганлиги сабабли айрим автомобилларга умуман бундай кўрик амалга оширилмаган. 

Текширув давомида автосалоннинг автомобиллар сақлаш омборида камомад борлиги, автомобиль таъмирлаш участкаларида хавфсизлик қоидалари билан таништирилмаган ходимлар фаолият юритаётганлиги ҳолатлари аниқланган. 

Шунингдек компания томонидан эълон қилинган акциялар бўйича муддатли тўловга сотилган автомобиллар нотариусдан тегишли тартибда расмийлаштириб, тақиққа қўйилмаган. 

Автосалонда ахборотлар доимий равишда янгиланмагани, корхонада Call-марказ фаолиятининг тегишлича ташкил этилмаганлиги харидорларга автомобил хариди жараёнида бир қатор ноқулайликлар туғдирган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар натижасида “Хоразм Автосавдо” дилерлик корхонаси раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, мавжуд камчилик ва хатоларни бартараф этиш янги раҳбар зиммасига юкланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 121
Рейтинг: 2.9
t
×