Ҳатто муҳокамага ҳам лойиқ эмас лойиҳа! – Шоҳруҳ Шодмонов автотранспортга эгалик учун йиллик йиғим ҳақида
Жамият
−
08 Ноябрь 2020
27572Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармалари фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Қарор билан тасдиқланадиган Низомда транспорт воситаси двигателининг қувватидан келиб чиқиб, автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғимдан тушадиган маблағларни жорий қилиш, тўлаш ва ҳисобини юритиш тартиби белгиланади. Яъни, автомобилга эгалик учун йиллик йиғим жорий қилинади.
Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу қарорга кўпчиликка рэпер сифатида танилган Халқ депутатлари Чилонзор тумани кенгаши депутати Шоҳруҳ Шодмонов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида муносабат билдириб ўтди. У UzAuto масаласи ўзи одамларнинг тинкасини қуритган бир вақтда Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бу қарорни ғалати дея баҳолаган.
“UzAuto масаласи етмагандай, яна буниси ортиқча эмасми?”.
Regulation.gov.uz сайтида Молия вазирлиги томонидан автомобилларга яна йиллик солиқ қўйиш ҳақида қандайдир ғалати таклиф билдирилган. Бу Regulation.gov.uz сайтида модератор борми ўзи? Агар бор бўлса бунақа ақлга сиғмайдиган таклифни қандай қилиб модерациядан ўтказиб, оммага тақдим этиш мумкин?”, дейди депутат.
У одамлар шундоқ ҳам бензин сотиб олганда, автомобиль сотиб олганда қўшимча солиқлар ва ортиқча тўловлар тўлашини айтиб ўтган. Шодмонов бу таклифни муҳокамага ҳам лойиқ эмаслигини таҳкидлаб, шундай дейди:
“Ҳатто муҳокамага ҳам лойиқ эмас лойиҳа! Ундан кўра бюджетга маблағ тушуриш масаласида, халқни аралаштирмасдан ҳам даромад шакллантиришни ўйлаш керакмасмикан?”.
Маълумот учун, таклиф қилинаётган лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар, шунингдек, темир йўл, денгиз, дарё ва ҳаво транспорти ҳамда ногиронлар учун махсус жиҳозланган автотранспорт воситаларига йиллик йиғимлар ундирилмаслиги белгиланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь