Ўз қизидан калтак еган ногирон онахонга ҳимоя ордери берилди
Жамият
−
04 Август 2021
12228Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро ўзининг ногирон онасини ураётгани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Ушбу видеода акс этган онахонга ҳимоя ордери расмийлаштирилиб берилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қарши шаҳар “Шайхали” МФЙ 18-ётоқхонада яшовчи фуқаро О.Химматова онаси А.Менгаевага руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказганлиги учун А.Менгаевага ҳимоя ордери расмийлаштирилиб берилган.
Аввалроқ вилоят ИИБ ҳолат юзасидан батафсил маълумот берганди.
Унга кўра, Қарши шаҳар, “Шайхали” маҳалласи Бўзтепа кўчаси, 18-ётоқхона, 56-хонада яшовчи фуқаро Х.О. онаси, 1-гуруҳ ногирони М.А. билан бирга яшаб келади.
Жорий йилнинг 13 июль куни Х.О. онаси, 1-гуруҳ ногирони М.А.ни Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти бўлими биноси олдига ҳокимият вакилларидан пул ундириш мақсадида олиб келган.
Х.О. онаси, 1-гуруҳ ногирони М.А.ни юқоридаги манзилда қолдириб ўз ишлари билан кетиб, қайтиб келгач, онасига “нега ҳокимият вакилларидан пул сўрамадинг?!” деб таҳқирлаган.
Маълум қилинишича, Х.О. ва унинг оиласига 2020 йил январь ойидан 2021 йил июль ойигача озиқ-овқат ва нақд пул шаклидаги 56 млн 500 минг сўм моддий ёрдам берилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан уларга уй-жой ажратилган бўлиб, кейинги тўловларни тўлашга имкони йўқлиги боис, 2021 йил 21 январь куни 3-сонли тўлов топшириқномасига асосан Қарши шаҳар “Ипотека банк” АТИБ Қашқадарё вилоят филиали томонидан 28 млн 634 минг 93 сўм маблағ Х.О.га берилган ҳамда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан 0,2 сотих ерга уй-жой қуриш учун ер ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойи охирида Тошкент шаҳрида 1991 йилда туғилган аёл катта кўчадан эридан калтак еганди. Унга ҳам ҳолат юзасидан ҳимоя ордери тақдим қилинган. Бироқ аёл уни олишдан бош тортган. Қайд этиш керакки, у ҳатто шикоят билан бирор жойга мурожаат ҳам қилмаган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда ҳимоя ордери 2019 йил 2 сентябрь куни хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун билан биргаликда қабул қилинган. Ҳимоя ордери бу – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжат хисобланади.
LiveБарчаси