Ўз акасига 9 марта пичоқ урган ука 7 йилга қамалди
3-саҳифа
−
28 Сентябрь 2021
7781Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ака-ука ўртасида юзага келган тортишув оқибатида ука ўз акасига 9 марта пичоқ урди. Ака тирик қолди, бироқ ука 7 йилга қамалди. Бу ҳақда “Zamon” кўрсатувида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 19 ёшли йигит кечки пайт онаси билан телевизор кўриб ўтириб, қайси каналга олиш устида тортишиб қолган. Шу пайт йигитнинг акаси келиб, укасига шовқин кўтармасликни айтган ва ўртада жанжал келиб чиққан. Шундан сўнг, уларни она ва тўнғич ака ажратган.
Дастлаб, ука жаҳл устида ошхонага кириб, пичоқ олган ва ҳовлида турган акасига пичоқ билан тан жароҳати етказган. Ака кўчага қочиб чиққандан кейин ҳам ука унга етиб олиб, бир неча маротаба пичоқ урган. Қўшнилар чиқиб қолгани сабаб, ука ўз ишини “охиргача” етказа олмаган. Воқеа жойидан қочган йигит Ички ишлар бўлими ходимларига дуч келган ва ўзини уларга топширган.
Гарчи ака танасининг 9 жойидан пичоқланган бўлишига қарамасдан тирик қолган. Суд тиббий экспертизасига кўра, йигитда кўкрак қафасининг олд ва орқа, ўнг ва чап юзаларида, икки елка соҳаларида, бел ва қорин бўшлиғида пичоқ билан кесилган жароҳатлар аниқланган. Жигари ҳам зарар кўрган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан йигит айбли, деб топилган. Унинг муқаддам судланмагани, жабрланувчи билан яқин қариндошлиги ҳамда даъво аризасининг йўқлиги инобатга олиниб, кодекснинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартиб калонияларида ўташ белгиланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь