“Уйни бузгунча, каллангни буз”. 2019 йилда қолаётган ўткир нутқлар

Таҳлил

image

Тугаб бораётган 2019 йил ўтли, оташли нутқларга бой бўлди. Тўғри, қовун туширганлар кўп, аммо бу ҳам бир жараён. Одамлар, айниқса, катта-кичик раҳбарлар энди-энди гапиришни, мулоқот қилишни, қоғозда бажарган ишларини сўзга чиқариб, тушунтириб беришни ўрганяпти. Шунинг учун ҳам бу йил турли-туман асоссиз, кулгили ва ўз навбатида жиддий нутқларга ҳам бой йил бўлди. Келинг, мансабдор шахслар томонидан айтилган жиддий сўзлардан бир неча мисоллар келтирсак.

Шавкат Мирзиёев: Уйни бузгунча, каллангни буз! 

Картинки по запросу "шавкат мирзияев президент узбекистана""

Жорий йил 2 августда ўтказилган видеоселекторда давлат раҳбари 3 вилоят ҳокимига, яъни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Қашқадарё вилояти (собиқ) ҳокими Зафар Рўзиев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга ноқонуний “снос”лар масаласида танбеҳ берганди. Фарҳод Эрмановнинг “душманлик” қилганини айтиб, Зафар Рўзиевни Қашқадарё “валломати” деб атаган Президент дакки бериш навбатини Фарғона вилоят ҳокимига қаратди.

“Мана, одамлар изоҳларда йиғлаяпти, сенинг расминг йўқ, Президентнинг расми бор, кўргин интернетда. Сен ноинсоф бориб, Эрмановга ўхшаб аҳмоқларча “буза, буз” дейсан. Бузишдан аввал сен ўз каллангни буз”, деган эди Шавкат Мирзиёев. 

Танзила Норбоева: Ҳозир Ўзбекистон ҳамма жойда шарманда бўлиб ётибди

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Тошпўлатов Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида “снос”лар бўйича шикоятлар келиб тушмаганини айтди. Бунга жавобан Сенат раиси қуйидагича жавоб берди:

“Шикоят тушиш-тушмаслигига қарамасдан одамларнинг кайфиятидан келиб чиқиб, норозиликка сабаб бўлаётган масала ловиллаб, республика даражаси, дунё миқёсига чиқиб кетмасидан ўша ернинг ўзида қонунийликни таъминлаши мумкин. ИИБ раҳбари ўша ҳудуддаги тинчликка жавобгар. Ҳозир Ўзбекистон ҳамма жойда шарманда бўлиб ётибди”. 

Бош вазир: Танқид бор, муносабат йўқ. Демак ҳаммаси тўғри экан-да?

Шу йил июль ойида Бош вазир Абдулла Арипов ОАВ бўйича селектор ўтказди. Унда бир қатор давлат ташкилотларини танқид остига олди. 

“Ташкилотлар ўзлари ҳақидаги танқидий чиқишларга муносабат билдириши, керак бўлса халқнинг олдида ҳисобот бериши шарт. Агар нотўғри ахборот берилган бўлса, бунга ҳам муносабат билдириш керак. Буни ким ташкил қилади? Ўша ташкилотлардаги ахборот хизмати ходимлари. ОАВда барча органлар иши юзасидан танқидий материаллар эълон қилинмоқда, аммо кўпчилик уларга муносабат билдирмай, томошабин бўлиб турибди. Танқид бор, лекин муносабат йўқ. Демак ҳаммаси тўғри эканда? Танқиддан хулоса қилиндими йўқми, билдириш керак”.

Ниғматилла Йўлдошев: Пора олган ҳам, уни берган ҳам дўзахийдир 

Собиқ Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев шу йил июль ойида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган мажлисида маъруза қилган ва Исломдан мисол келтирган эди.

“Биргина мисол: Ислом динининг “Пора олган ҳам, уни берган ҳам дўзахийдир”, деган қатъий ҳукми барча замонлар учун бу иллат жамиятнинг “бош оғриғи” бўлиб келганидан далолатдир. Афсуски, жамиятни бу касалликдан батамом халос этишнинг ҳамма учун бирдек мақбул воситаси ҳалигача ўйлаб топилмаган”.

Содиқ Сафоев: Оппозиция ўзи шаклланиши керак, “юқоридан” тузилиши эмас

Бу ҳақда Сенат раиси ўринбосари “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” дебатларидан биридаги иштирокида айтиб ўтди.  

“Ҳеч қачон мухолифат, оппозиция сунъий равишда, кимдир томонидан туза олмайди. Сиз оппозицияни тузишни кимдан кутяпсиз? Ҳукумат ўзига ўзи оппозицияни тузиши керакми? 

Оппозиция жамиятнинг палагидан, ўзи, аста-секин, табиий ўсиб келиши керак. Бу сиёсий онгга, сиёсий муҳитга ва энг муҳими, қонун муҳитига боғлиқдир”. 

Шуҳрат Абдураҳмонов: Журналистика биринчи ҳокимият даражасига кўтарилди

Бу ҳақда у 19 октябрь куни “Open Andijan” биринчи халқаро инвестиция форуми вақтида айтиб ўтган. 

“ОАВ тўртинчи ҳокимият дейилади. Ўйлашимча, бугун Ўзбекистонда журналистика биринчи ҳокимият даражасига кўтарилди. Мен журналистлар билан ишлашга, қандай саволлар бўлса, жавоб беришга ҳамиша тайёрман”.

Комил Алламжонов: Орқага йўл хоҳласак ҳам йўқ, бунинг учун фақат интернетни ўчириб қўйишимиз керак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов бу сўзларни 20 декабрдаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Ахборот майдонида битта одамнинг овози баланд эшитиладими ёки шовқин бўлсами? Албатта, битта одамнинг. Улар қанча кам бўлса, шунча таъсирчанлик кучи юқори бўлади. Айтмоқчиманки, бугун орқага йўл бор-йўқлигини биз белгиламаймиз. Бу – бугунги давр талаби. Орқага йўл хоҳласак ҳам йўқ, бунинг учун фақат интернетни ўчириб қўйишимиз керак. Фақат шундагина биз ўз йўлимиздан тўхташимиз мумкин”.

Президент маслаҳатчиси: Сиз олдин берилган пулни ҳазм қилиб олинг

Бу гапни яқинда Бош прокуратура томонидан ўтказилган йиғилишда Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга қарата айтиб ўтди

Соғлиқни сақлаш тизимида коррупция муаммосини танқид қилар экан Шодмоновга “Сиз берилган пулни ҳазм қилинг! Шундагина қолганини гаплашайлик. Мана, биринчи масала”, дея таъкидлади. 

Зокир Алматов: Салим Абдувалиев жиноятчи эмас

1991-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири сифатида фаолият юритган Зокиржон Алматов QALAMPIR.UZ нашрига берган интервьюсида бу ҳақда таъкидлаган.

“Салим Абдевалиев “кўча”нинг боласи бўлмаган. У эскидан бизнес билан шуғулланган. Унинг отаси оддий деҳқон, колхоз раиси бўлган. Мен бу инсонни жуда яхши биламан. Унинг қўли қонга буланганини ёки бошқа нарсаларни мен эшитмаганман, кўрмаганман. У ўзига яраша катта ақлга эга, обрўга эга одам. 

Халқимизни ичида шу инсон тўғрисида ҳар хил гаплар чиқиб кетди. Агар у жиноят содир этганида, аяб ўтирилмасди. Ўша совет пайтидаёқ жиноий жавобгарликка тортилиб кетган бўлар эди”.

Алишер Қодиров: ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакатимизга фойдадан кўра кўпроқ салбий оқибатлар олиб келади

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси лидери Халқаро матбуот марказида партиялар ўртасидаги дебатда бу ҳақда айтиб ўтди

“Бизнинг партия Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш  мамлакатимизга фойдадан кўра кўпроқ салбий оқибатлар олиб келади, деб ўйлаймиз. Шу боисдан, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо сифатида эмас, балки савдо-шерикчилик ёки кузатувчи сифатида қўшилишини қўллаймиз”.

Депутатлар: Мактабга қабул тизимининг янги тартиби Конституцияга зид

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев Тошкент шаҳридаги мактабларда янги ўқув йилидан болаларни 1-синфга қабул қилишнинг янги тизими жорий этилишига ўз эътирозларини билдирди.

Бу депутатлар “Таълимда коррупциянинг олдини олишми ёки така бўлсин, сут берсинми? Нега Конституциямиз ва қонун нормасига зид ҳужжатлар қабул қилинмоқда?” номли мақола эълон қилишди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг