Уйда қолган аҳолига коронавирус қай тарзда хавф солади?
Жамият
−
23 Апрель 2020
9310Уйда қолган аҳоли турли эҳтиёж билан кўчага чиққанда ва маълум жойларга ташриф буюрганда коронавирус юқтириб олмаслик учун алоҳида эътиборли бўлиши керак. Бу ҳақда бугун, 23 апрель куни АОКА штабида Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
Таъкидланишича, бир қанча жойларда коронавирус хавфи мавжуд. Одамлар у ерда ишловчилар ва буюмлар билан алоҳида эҳтиёткор бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.
Аҳоли учун нисбатан хавфли жой дорихоналар. Асосий хавф шундаки, дорихонага ҳар хил тоифадаги, соғлигида муаммо бор одамлар ташриф буюради. Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, иккинчи ўринда — дўконлар. Дўконларга борганда ўзингизни хавфдан ҳимоялаш учун албатта ниқоб тақиш, аравалар тутқичига антисептик воситалар билан ишлов бериш, ўралган маҳсулотларни олиш, имкон қадар қадоқланган пакетларга камроқ қўл теккизиш зарур.
Аҳоли учун хавфли жой деб автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳам таъкидлаб ўтилди. У ердаги хавф шундаки, ёқилғи қуядиган пистолетни кунига 10 дан ортиқ одам ушлайди. Уларни ушлагандан сўнг албатта қўлни антисептик воситалар билан тозалаш тавсия қилинади.
Яна бир хавфли жойлар сарасига итларни сайр қилдириш масканлари ҳам киритилди. Итларни олиб чиқишда одам тез-тез подъезд ва эшик тутқичларини ушлайди. Бундан ташқари, итлар вирусни оёқларида уйга ташиши мумкин.
Шунингдек, кўчага чиқинди ташлашга чиқишда ҳам гигиеник талабларга риоя қилиш керак. Бунда хавф нисбатан пастроқ бўлса-да, айрим вақт чангда вирус заррачалари сақланиб қолган бўлиши мумкинлиги айтилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь