Уй сотиб олиш ва “прописка”га қўйиш янада осонлашмоқда

Жамият 12772
image

Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан фуқароларни доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйиш тартиботларини соддалаштиришни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Лойиҳа билан 2 та янги қулайлик жорий этилмоқда:

Ҳозирда кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ эгаси ўзгарганда, ушбу ҳуқуқни кадастр органларида рўйхатдан ўтказиш зарур. Шундан сўнгина уйнинг янги мулкдорини ички ишлар органлари ахборот тизимида доимий рўйхатга қўйиш мумкин.

Таклиф этилган лойиҳага кўра, мулк рўйхатдан ўтказиш вақтида доимий рўйхатда туриш масаласини ҳам ҳал этиш имконияти яратилмоқда. Яъни, нотариал идоралар, давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўчмас мулк рўйхатдан ўтказилаётган пайтда янги мулкдорни доимий рўйхатга қўйиш учун ҳам мурожаат қилиши мумкин бўлади. 

Амалдаги тартибга кўра, кўчмас мулк ижараси ҳамда текин фойдаланиш шартномаси солиқ органлари ахборот тизимида электрон шаклда ҳисобга қўйилади. Бироқ шартнома ҳисобга қўйилгандан сўнг ижарачининг ҳар бир оила аъзосини ушбу турар жойга вақтинча рўйхатга қўйиш учун алоҳида мурожаат қилиш зарур.

Бу жараёндаги ноқулайликни бартараф этиш мақсадида лойиҳада ижара шартномасини солиқ органларининг ахборот тизимида ҳисобга қўйиш билан бир пайтда ижарачи ва унинг оила аъзоларини вақтинча рўйхатга қўйиш учун ички ишлар органларига электрон мурожаат этиш имконияти жорий этилмоқда.

Ушбу таклифлар амалиётга татбиқ этилиши билан янги уйга кўчишда доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтиш учун алоҳида мурожаат этиш зарурияти бартараф этилиб, хизмат кўрсатувчи органларга қатнаш билан боғлиқ вақт ва маблағ харажатлари олди олинади.

Қарор лойиҳаси 23 сентябргача давом этади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 268
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×