Урушни ўрганиш институти Россиянинг Харьковга ҳужумини баҳолади
Олам
−
16 Май
16173Россия Федерациясининг Харьковга ҳужум қилишидан асосий мақсади Украинада “буфер зона” яратишдир. Бу ҳақда Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари маълум қилди.
ISW ҳисоб-китобларига кўра, руслар Харьков вилоятининг шимолий қисмига 8 километрдан ортиқ кириб бормаган. Уларнинг фикрича, Россия Федерациясининг мақсади "буфер зона" яратиш ва минтақага чуқурроқ кириб бормасликдир.
Украина расмийларига кўра, Россия "камроқ ҳимояланган" ҳудудларни қўлга киритганидан сўнг ҳужум суръатини секинлаштирган. Президент Владимир Зеленский Украина ҳарбийлари билан биргаликда Харьков вилояти шимолидаги вазият “қисман барқарорлашгани”ни айтган.
"Хортица" оператив-стратегик қўшинлари гуруҳи вакили Назар Волошиннинг айтишича, руслар Лукьянц ва Волчанск яқинида тактик муваффақиятларга эришишга интилмоқда. Шу тарзда улар келажакдаги ҳужумлар учун трамплин яратмоқчи. Бироқ Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужумлари, артиллерия ва дрон зарбалари душманнинг бу ҳудудларда мустаҳкам ўрнашиб олишига тўсқинлик қилмоқда.
Харьков вилояти ҳарбий бошқармаси вакилларининг таъкидлашича, русларнинг доимий ўққа тутиши туфайли Украина Қуролли кучлари Россия Федерацияси билан чегарадан 3-5 километр масофада ўз позицияларини мустаҳкамлай олмаяпти. Шу боис ҳам чегарадан 13 ва 20 километр масофада биринчи ва иккинчи мудофаа чизиқлари яратилган.
Таҳлилчилар рус қўшинлари Харьков вилоятининг шимолий қисмида саккиз километрдан кўпроқ олдинга ўтмаганини тасдиқламоқда.
"Россия босқинчилари Украинанинг чегара яқинидаги мудофаа позицияларига бемалол ҳужум қилишлари мумкин. Россиянинг орқа ҳудудларига ҳужум қилиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга бўлган чекловлар ушбу позицияларни заиф ва потенциал ҳимоясиз қилади", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Украина расмийлари делегацияси АҚШ Конгрессини Россия ҳудудига зарба бериш учун Америка қуролидан фойдаланишга қўйилган тақиқни бекор қилишини сўраб, Вашингтонга борганди.
LiveБарчаси