Урушга тайёргарлик: АҚШ 10 кунда Украинага 500 тоннага яқин қурол етказиб берди
Олам
−
01 Февраль 2022
9660АҚШ жорий йилнинг 22 январидан бери Украинага қуролларнинг олтита партиясини етказиб берди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазири Алексей Резников маълум қилди.
“Ҳатто бир кун ҳам ўтмади ва биз АҚШдаги дўстларимиздан олтинчи “қуш”ни туширмоқдамиз! Киевга 84 тонна ўқ-дорилар келди! Бугунгача ҳаммаси бўлиб АҚШдан 500 тоннага яқин мудофаа техникасини олдик! Бу ҳали охиргиси эмас”, деб ёзган у Twitter’да.
Кеча, 31 январь куни кечқурун вазир Киевга 84 тонна турли калибрли ўқ-дорилар билан бешинчи самолёт келганини маълум қилган.
22 январь куни АҚШдан умумий оғирлиги 90 тоннадан ортиқ бўлган ҳарбий юкларнинг биринчи партияси, жумладан, ўқ-дорилар Украинага етиб келган. Эртаси куни Киевга иккинчи юк — 80 тоннадан ортиқ оғирликдаги Америка қуроллари етказилган. Икки кундан кейин, 25 январь куни Украинага қуроллар билан учинчи самолёт етиб келган. Киев 28 январь куни АҚШдан яна 81 тонна турли калибрли ўқ-дорилар олган. Қайд этилишича, қурол етказиб бериш Украинага АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти томонидан тасдиқланган 200 миллион доллар миқдоридаги ёрдам доирасида амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида, Ғарб давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда, жумладан, Донбассда қўлланилаётган қуролларни етказиб беришда давом этмоқда. АҚШдан ташқари Буюк Британия, Канада, Франция, Польша, Литва, Эстония, Чехия, Болгария, Руминия ва Туркия Киевга қурол етказиб берган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь