Уруш фақат Ғазога эмас, бутун араб дунёсига қарши кечяпти – Қатар Амири 

Олам

image

Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Исроил ҳукумати томонидан қон тўкишга интилишга қарши аниқ чоралар кўрилишини талаб қилди. Ушбу баёнотни Амир кеча, 15 сентябрь куни Доҳада Исроилнинг ҲАМАС делегацияси аъзоларига қарши содир этган ҳужумидан сўнг чақирилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигасининг фавқулодда қўшма саммитида билдирди. 

Амир мамлакатининг суверенитетини ҳимоя қилишга қатъий эканини таъкидлади. У Исроилнинг Ғазога қилинган зарбалари “геноцидга айланганини” айтди ва Тель-Авивни музокараларни ҳийла билан қайтадан бузганликда айблади.

“Исроил ҳукумати томонидан қон тўкишга бўлган интилишга қарши аниқ чоралар қўллаш зарур”, деди шайх Тамим.

Амир, шунингдек, Қатар пойтахти Доҳага ҲАМАС етакчиларига қарши ваҳшиёна ҳужум амалга оширилганини эслаб ўтди. Унинг таъкидлашича, ҳужум пайтида делегация АҚШ таклифини Қатар ва Миср орқали кўриб чиқаётган эди.

“Агар Исроил ҲАМАС сиёсий раҳбариятини йўқ қилмоқчи бўлса, нима учун у улар билан музокара олиб боради? У музокараларни бузмоқчи. Кимки барқарор ва тизимли равишда музокара олиб бораётган тарафни нишонга олса, у музокараларни бузишга хизмат қилади”, деди Амир.

Шайх Тамим Исроил раҳбарларини ирқчи ва ультраўнгчи сиёсат асосида террорчиликда айблади.

“Доҳада содир этилган бу ҳужум нафақат мамлакатимизга, балки бутун минтақанинг хавфсизлигига йўналтирилган. Исроилнинг бу ҳужуми ҳарбий жиноят бўлиб, у араб дунёсига қарши йўналтирилган. Биз суверенитетимизни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча чораларни кўрамиз”, деди у.

У Исроилнинг араб дунёси устидан ҳукмронлик қилиш орзусини “хатарли иллюзия” деб атади.

“(Исроил Бош вазири) Нетаньяху минтақани Исроил таъсирига айлантиришни орзу қилади, аммо бу катта иллюзия ва бундай режалар амалга ошмайди”, деди Амир.

Араб тинчлик ташаббусига тўхталар экан, Амир агар Исроил ушбу ташаббусни қабул қилганида, минтақа кўп маротаба фожиалардан қочган бўлишини қўшимча қилди.

“Исроил Ғазони яшаш учун номақбул жойга айлантиришга ва аҳолисини зўрлаб ҳайдашга интилмоқда”, деди у.

Амир Қатарнинг воситачилик ролини эслаб ўтди – олдин Доҳада ҲАМАС ва Исроил делегациялари қабул қилиниб, асирларни озод қилиш бўйича ишлар амалга оширилган эди. У Доҳадаги ҳужумни “агрессив, ваҳшиёна ва қўрқинчли” деб атади.

“Фуқароларимиз ва бутун дунё бу террорчилик ҳужумидан шок ҳолатда қолди. Пойтахтимизда ҲАМАС етакчилари оилалари билан бирга бўлган мулкий резиденцияга очиқдан-очиқ ҳужум қилинди”, деди у.

Қатар Амири ушбу урушнинг энди фақат Ғазога эмас, балки бутун араб дунёсига қарши кечаётганини таъкидлади. 

“Исроил агрессиясига қарши бирдек ҳаракат қилишимиз зарур”, деди у.

У, шунингдек, Суриянинг ҳудудий яхлитлигига таҳдидлар ҳақида сўзлади, Исроил мамлакатни бўлиб юборишга ҳаракат қилаётганини, лекин бу режалар амалга ошмаслигини қайд этди.

ИҲТ ва Араб Лигасининг фавқулодда қўшма саммити

Саммит Қатар ташаббуси билан, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилаётган Туркия қўллаб-қувватлаши билан мамлакатлар раҳбарлари даражасида ўтказилди.

Бу 2023 йил 7 октябрдан бошлаб Исроилнинг Ғазога ўтказган ҳужумлари оқибатида Ливан, Сурия, Яман ва Эронга ҳам тарқалган ҳодисалардан кейин ўтказилган учинчи фавқулодда қўшма саммит ҳисобланади.

9 сентябрь куни Исроил Қатар пойтахти Доҳада ҲАМАС делегацияси бўлган бинога зарба берди. Ҳаракат раҳбарияти омон қолди, аммо ҲАМАС Сиёсий бюроси аъзоси Халил ал-Хайянинг ўғли ва яна тўрт киши ҳамда бир қатарлик полициячи ҳалок бўлди – жами 6 киши.

10 сентябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Қатарга янги ҳужумлар билан таҳдид қилди.

“Ёки сиз уларни депортация қиласиз, ёки адолат олдига топширасиз. Агар бундай қилмасангиз, бу бизнинг қўлимиздан келади”, деди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Доҳа Қатар Исроил Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг