Уруш бошланганидан бери Украина аҳолиси 10 миллионга камайган – БМТ
Олам
−
22 Октябрь
3751Россия босқинидан бери Украина аҳолиси 10 миллион кишига камайган. Фронтда ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган, яна 6,7 миллион киши мамлакатни қочқин сифатида тарк этган. Бу ҳақда Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича БМТнинг аҳолишунослик фонди (UNFPA) директори Флоренс Бауэрга таяниб, “Reuters” хабар берди.
“Туғилиш даражаси кескин пасайиб кетди ва ҳозирда бир аёлга бир нафар бола тўғри келмоқда. Бу дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Аҳоли сонини барқарор сақлаб туриш учун коэффициент 2,1 бўлиши керак”, дейди UNFPA директори Флоренс Бауэр.
У, шунингдек, жанговар ҳаракатлар туфайли Украинада деярли одамлар яшамай қўйган ҳудудлар пайдо бўлганини, у жойларда фақат қариялар ва оила қуришга қодир бўлмаган жуфтликлар қолганини таъкидлаган. Бауэрга кўра, уруш тугаганидан кейин, аҳолининг тўлиқ сони аниқ ҳисоблаб чиқилади, яъни аҳолини рўйхатга олиш имконияти бўлади.
Мамлакат Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки олти ойи ичида Украинада 87 655 бола туғилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга кам. Шу билан бирга, вазирлик 250 972 ўлимни қайд этган. Ушбу кўрсаткич бўйича туғилган бир нафар чақалоққа учта ўлим тўғри келади.
БМТнинг жорий йил октябрь ойи охиридаги маълумотларига кўра, уруш оқибатида 11 973 тинч аҳоли, жумладан, 622 бола ҳалок бўлган. Яна 25 943 киши яраланган. Ҳарбийлар орасидаги йўқотишлар ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, бироқ “The Wall Street Journal” манбалари куз фаслига келиб иккала томоннинг ўлдирилган ва яраланганларнинг умумий сони бир миллион кишига етганини маълум қилган. Октябрь ойи ҳолатига кўра, Пентагон Россиянинг йўқотишларини 615 минг аскарга баҳолаган (115 минг ўлдирилган ва 500 минг яраланган), Украина йўқотишлари эса 307,5 минг (57,5 минг ўлдирилган ва 250 минг яраланган) бўлган.
Маълумотларга кўра, Россия босқинидан олдин Украина аҳолиси Қрим билан қўшиб ҳисоблаганда 42 миллион киши бўлган. Бироқ 2024 йил июль ойига келиб бу рақам 35,8 миллион кишига тушган. Улардан 31,1 миллиони Киев назоратидаги ҳудудларда яшамоқда.
Тахминларга кўра, уруш тугаганидан кейин ҳам аҳоли сони камайишда давом этади. 2041 йилга келиб Украина аҳолиси 28,9 миллион кишини, 2051 йилга келиб эса 25,2 миллион кишини ташкил этади. Ҳукумат демографик пасайишнинг асосий сабаблари сифатида депопуляция (ўлимнинг туғилишдан юқори бўлиши), оммавий меҳнат миграцияси, шунингдек, мамлакат ҳудудининг бир қисмининг босиб олиниши ва уруш билан боғлиқ янги муаммоларни кўрсатган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь