Ўрганган кўнгил... Ўзбекистон йирик ҳисобда мағлуб бўлди

Спорт

image

Бугун, 12 октябрь куни Уммон шаҳрида Ўзбекистон миллий терма жамоаси мезбон Иорданияга қарши халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушди ва йирик ҳисобда мағлубиятга учради.

Ўйинни фаол бошлаган Ўзбекистон бир нечта хавфли ҳужумлар ташкил қилди. Бироқ, биринчи бўлимнинг 29-дақиқасида Ислом Қобиловнинг қўпол хатосидан сўнг, қарши ҳужумга ўтган иорданияликлар Саиф Баҳанинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди.

Иккинчи таймнинг 56-дақиқасида жарима зарбасидан унумли фойдаланган мезбонлар орадаги фарқни иккитага оширишди. Ушбу вазиятда ўнг қанотдан узатилган тўпни Насиб Абдулла боши билан Элдор Суюнов дарвозасига жойлаб қўйди. 

Шундан сўнг, Катанец шогирдлари ҳисобни тенглаштириш учун бирин-кетин хавфли ҳужумлар ташкил этди. Лекин, 83-дақиқада Ҳамза Алдарадре дарвозабон билан бирга-бир вазиятда совуққонлик билан ҳаракат қилиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди – 3:0.

Бу Ўзбекистон терма жамоаси учун Сречко Катанец мураббий этиб тайинланганидан кейинги 2-мағлубият сифатида ёзилди. Унга қадар Швецияга кичик ҳисобда ютқизган “оқ бўрилар”, Малайзияни йирик 5:1 ҳисобида таслим этганди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги ўйинда ўзбекистонлик футболчилар рақиб дарвозасини ишғол этганида, бу терма жамоа тарихидаги 500-гол сифатида қайд этилар эди.

Маълумот учун, шу кунга қадар Ўзбекистон ва Иордания 14 марта ўзаро тўқнаш келган ва уларнинг 9 тасида “оқ бўрилар”, битта баҳсда эса иорданияликлар ғалаба қозонганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Футбол Иордания Сречко Катанец Ўртоқлик учрашуви

Баҳолаганлар

1359

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг