Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас ёхуд қийноқлар қачон тугайди?

Жамият

image

Қийноқ – бу шахсни қасддан жисмоний ёки руҳий азоб бериш, уни гувоҳлик беришга мажбурлаш ёки инсон иродасига зид бўлган бошқа ҳаракатлар ва усуллардан фойдаланишдир. 

Сўнгги вақтларда ички ишлар органлари томонидан шахсни қийноққа солиш оқибатида фуқаронинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши билан боғлиқ воқеалар ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди.

Сурхондарё вилоятида фуқаро Ҳасан Хушматов профилактика инспектори ва унинг ёрдамчилари томонидан олиб кетилиб, кейинроқ шифохонада вафот этди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда ҳам бир фуқаро профилактика инспектори томонидан ички ишлар бўлимига олиб кетилиб, ўша ерда вафот этди. Ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан ҳозирча аниқ маълумот ёки суднинг қарори  йўқ. Аммо халқимизда “шамол бўлмаса, дархтнинг учи қимирламайди”, деган гап бор. Чунки бундай ҳолат ички ишлар тизимида биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Бундай ҳолатлар ўтган йилнинг айнан шу даврида ҳам содир бўлган эди. 

2020 йил 30 май куни  Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимлари Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримовни айёвсиз калаклагани оқибатида фуқаро вафот этган эди. 

Яна бир ҳолат 2020 йил 21-22 январь кунлари содир бўлиб, фуқаро Юсуф Абдураҳмонов Чироқчи тумани ИИО ФМБ биносига олиб келиниб қийноққа солинган ва бунинг натижасида вафот этган.

Бундан ташқари, 2020 йил январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ ва май ойида Андижон шаҳар ИИБда ўтказилган терговлардаги қийноқлар сабаб икки фуқаро вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 30 июнь куни ўтказган видеселектор йиғилишида ушбу ҳолат мисолида ҳуқуқ-тартибот органларида фуқароларни қийноққа солиш ҳолатларини қаттиқ танқид қилди.

Президентнинг қийноққа оид ушбу танқидий нутқида “Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак. Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози”, деган эди.

Шундан кейин мамлакатда қийноқлар масаласи бир муддат кун тартибига чиқди. 2020 йил 21 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида ҳам ушбу масала муҳокама қўйилди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдуҳалим Холмахматов Жиноят кодексининг 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш)га ўзгартириш киритиш, яъни ушбу моддада белгиланган санкцияларни кучайтириш ва моддада назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга нисбатан амниция қўлламаслик кераклигини таъкидлаган эди. Аммо бу ҳам фикрлигича қоғозда қолиб кетди. 

Шунингдек, ушбу ялпи мажлисида “Тезкор қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси тайёрлангани айтилди. Президент қарори лойиҳасида Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилиши белгиланган эди. Лекин бугунги кунга қадар на қарор, на қўмитадан дарак бўлди. Қийноқлар эса давом этмоқда.

Бундан олдин 2019 йилда 16 июль куни “Адолат” социал-демократик партиясининг дастури ва Сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида партия мамлакатда Тергов қўмитасини ташкил этишни таклиф қилиб чиққан эди. Афсуски бу ҳам таклифлигича қолди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2019 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига йўллаган Мурожаатномасида Тергов қўмитаси тузиш таклифини илгари сурганди. Орадан 1,5 йилдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, қўмитадан дарак йўқ. 

Бугунги кунда Президентнинг ҳар нутқида янграётган шахс ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, уларннги қонунуий манфаатларига путур етказмаслик, тергов ва суд тизимида шахсни турли жисмоний қийноқларга солмаслик, руҳий босимлар ва тазйиқлар ўтказмаслик борасидаги фикрлар, шунингдек қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларга қарамай, ҳуқуқ-тартибот органларининг шахсни қийноққа солиш, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига путур етказиш бўйича “тажриба”си тизимда ҳали ҳамон оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда.

Ички ишлар томонидан шахсни қийноққа солиш ва унинг ҳуқуқларини таҳқирлаш ҳолатлари ижтимоий тармоқларда тез-тез тарқалиши жамоатчиликни кенг муҳокамасига, уларнинг ҳис-туйғуларини жумбушга келишига сабаб бўлади. Лекин жамоатчиликнинг кучли эътирозига, Президентнинг инсон ҳуқулари бўйича берган кўрсатмаларига, Олий Мажлиснинг назоратига қарамай, ҳудуларда бу иллат негадир бартарф этилмаётигани хавотирли. 

Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 7 августда бўлиб ўтган олтинчи ялпи мажлисида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага парламент сўрови юбориш бўйича қарор қабул қилинди. Бош прокуратура томонидан берилган маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари ходимлари ҳамда бошқа шахслар Жиноят кодексининг 235-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги натижасида 96 нафар шахсга нисбатан жами 25 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Шунингдек, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2020 йилда бевосита вазирликнинг ўз хавфсизлиги хизмати ходимлари ташаббуси билан фуқароларни ноқонуний ушлаб, зўравонлик қилиш билан боғлиқ 5 та ҳолат аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чора кўриш учун материаллар прокуратура идораларига юборилгани ҳақида хабар берган эди. Аммо бир қанча шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилганига қарамай, ички ишлар тизимида бундай хатоларни қайта-қайта содир этиш ҳолатлари учрамоқда. “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, дегани шу бўлса керак-да.

Тўғри, ушбу шахсларни қийноққа солган ва бунинг натижасида уларнинг ўлимига сабабчи бўлган ички ишлар ходимлари жиноий жавобгарликка тортилиб, жазо тайинланган. Лекин уларнинг қонун билан белгиланган вазифа ва мажбуриятлари қаерда қолади? Уларнинг давлат хизматчиси деган мақоми нима бўлади? Ходимлар жиноятчиликни олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрнига, уларга нисбатан куч ишлатса, зўравонлик қилса, урса, охир-оқибат ўлимига сабабчи бўлса, унда фуқаро дардини кимга айтсин? 

Бу каби ҳолатларнинг учраши аҳолининг ҳақли эътирозига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва одил судловга нисбатан ишончсизлигини орттирмоқда. Қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторларининг Сиёсий барқарорлик ва зўравонлик йўқлиги субиндикатори бўйича 212 та давлат орасида Ўзбекистон 136-ўринни эгалламоқда. “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Асосий (фундаментал) ҳуқуқларнинг таъминланганлиги индикатори бўйича 128 та мамлакат орасида Ўзбекистон 110-ўринни эгаллаб турибди. 

Жиноят кодексининг 206-моддасида ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиққанлик учун жавобгарлик белгиланган. Суд амалиётида ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиққан ҳолда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этган мансабдор шахснинг ҳаракатлари, Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш жинояти учун жавобгарлик белгиланган моддалари тегишли қисмида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинади. 

Бундан кўриниб турибдики, ички ишлар ходими агар ўз ваколатидан четга чиқиб, хизмат вазифасини бажариш вақтида уни қийноққа солса ва бунинг оқибатида шахс вафот этса, ички ишлар ходими қасддан ўдам ўлдирганлик (ЖК 97-104-моддаси) билан жавобгарликка тортилади.

Дунё ҳамжамияти, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида давлатлар қийноқнинг олдини олиш борасидаги мажбуриятларини бажариши, шахсни таҳқирловчи ва инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан ҳимоя қилишни самарали ташкил этиши зарурлиги мунтазам муҳокама қилиб келинади. 1984 йил 10 декабрда БМТ қабул қилган Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенцияга бугунга қадар қўшилган 166 давлатнинг ҳар тўрт йилда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига ҳисобот бериши қийноққа қарши курашишнинг нафақат халқаро ҳамжамият, балки алоҳида давлат учун ҳам нақадар долзарб эканини кўрсатади.

1995 йил 31 август куни  ушбу Конвенцияни ратификация қилган. Унга кўра, ҳар бир иштирокчи давлат ўз юрисдикциясидаги ҳар қандай ҳудудда қийноқ ҳаракатларининг олдини олиш борасида қонунчилик, маъмурий, суд тизимида самарали чора-тадбирлар кўриши лозимлиги белгиланган.

Бугунги кунгача БМТ доирасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ, давлатлар мажбуриятларининг юридик характерини изоҳловчи 9 та ҳужжат ва қарорлар қабул қилинган. Ўзбекистон деярли барчасига аъзо давлат ҳисобланади.

Психолог Г.Мюнстербег қийноқларни танқид қилиб, шундай ёзган эди: “Оғриқ ҳақиқатга бўлган иродадан устун туради, бунинг натижасида қийноқлар бегуноҳларни ҳукм қилишга олиб келади”. 

Дарҳақиқат, шахни қийноққа солиш уни қилмаган ишини бўйнига қўйиш аҳоли орасида тергов ва судга нисбатан нафрат, ишончсизлик ортиб боришага сабаб бўлади. Бундан ташқари,  айбланувчи, гумон қилинувчи, гувоҳ, ҳатто, баъзида жабрланувчини сўроқ қилиш пайтида психологик босимга олиниши кўплаб тергов ва суд хатоларига сабаб бўлади. Бу эса бир шахснинг ноҳақ айбланишига, ҳақиқатнинг очилишига тўсқинлик қилади. 

Тарихга назар соладиган бўлсак, қийноқлардан фойдаланиш қадим замонлардан бери жазо, қўрқитиш ва айбини тан олиш воситаси сифатида фойдаланиб келинган. Ҳар хил қийноқлар қадимги Миср, Оссурия, қадимги Юнонистон, Қадимги Рим ва бошқа қадимги давлатларда жуда кенг қўлланилган. Кейинчалик асрлар ўтиши билан инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳақ-ҳуқуқлари ривожланиб биринчи даражага кўтарилгандан кейин аста-секинлик билан давлатларда шахсни қийноққа солиш усуллари бекор қилина бошлади.  

Буюк Британияда шахс ёки маҳбусни жисмоний қийноққа солиш усуллари 1971 йилда бутунлай тақиқланган. Ҳозирда Буюк Британиянинг жиноят қонунчилигига биноан, қийноқлар фақат умрбод қамоқ жазоси билан жазоланган шахсларга нисбатан қўлланилади. Шунингдек, Шотландияда 1708 йилда, Данияда 1770 йилда, Австрияда 1776 йилда Францияда 1780 йилда, Венецияда 1800 йилда, Португалияда 1826 йилда   қийноқлар бекор қилинди.

Россия империясида 1774 йил 8 ноябрдаги Екатерина II нинг махфий фармони билан қийноқлардан фойдаланиш бекор қилинган. Кейинчалик эса бу махфий фармон Александр I нинг 1801 йил 27 сентябрдаги фармони билан расман тасдиқланган. 

Бир қатор мамлакатларда, қийноқлар ишлатилганлиги учун (оқибатларидан қатъи назар) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими ёки мансабдор шахси узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Бундай қонуний тартиб мавжуд бўлган қуйидаги давлатларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

•    Канадада 14 йил;
•    Францияда 15 йил;
•    Аргентинада 25 йил;
•    Гватемалада 30 йил.

Шунинг учун қийноққа солиш жиноятини содир этган давлат хизматчиларига ва уларнинг мансабдор шахсларига жиноий жазо ёки жавобгарликдан озод этишга оид рағбатлантирувчи нормаларни, масалан жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш каби жазоларни қўллашни тақиқлашга доир ўзгартириш киритиш ва санкцияларни кучайтириш мақсадга мувофиқдир. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

қийноқ

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг