UNRWA’га пул бермаслик Ғазо учун жазо – Боррель 

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишлар агентлиги (UNRWA) очлик ва касалликдан азият чекаётган миллионлаб одамлар учун "танқидий ҳаёт чизиғи" бўлиб, ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиш "жамоавий жазога тенг" бўлади. Бу фикрни кеча, 4 февраль куни Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий комиссари Жосеп Боррель айтди. 

Унинг сўзларига кўра, UNRWA’нинг бир қатор ходимларига ҲАМАС томонидан Исроилга қилинган ҳужумга алоқадорлик ҳақида қўйилган айбловлар жиддий ва айбдорларнинг ҳеч бири жазосиз қолмаслиги керак. Бироқ, Европа Бош дипломати ташкилотнинг ўзи дарҳол айбловларга жавоб қайтарган ва айбланувчилар билан шартномаларни бекор қилган.

“Бир қатор донор давлатлар томонидан UNRWA учун кейинги молиялаштириш масаласи очиқлигича қолмоқда. Бу UNRWA мавжудлигига таҳдид солади. Ташкилотни молиялашдан бош тортиш номутаносиб ва хавфли бўлади”, дейди Боррель. 

У инқирозни ҳал қилишга БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг позицияси ёрдам беришига умид қилмоқда. Бош котиб аллақачон донор мамлакатларни агентликни молиялашни қайта тиклашга чақирган.

Боррелнинг баёноти UNRWA’ни танқид қилиш тўлқини фонида янгради. Январь ойи охирида Исроил БМТнинг 12 ходимини 2023 йил октябрь ойида мамлакат жанубидаги мусиқа фестивали ва киббутзимга ҲАМАСнинг ҳужумига бевосита алоқадорликда айблади.

Шундан сўнг, бир қатор давлатлар UNRWA’ни молиялаштиришни вақтинча тўхтатганини эълон қилди – улар орасида Германия, АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Италия, Канада ва Финляндия каби донор давлатлар ҳам бор эди. Европа Иттифоқи эса Фаластин агентлигининг аудитини ўтказишни талаб қилди.

UNRWA’ни молиялаштиришнинг жами 440 миллион АҚШ долларлик қисми тўхтатилди – бу ташкилотнинг 2024 йил кутилаётган даромадининг деярли ярми ҳисобланади. 

“Молиявий ёрдам UNRWA даромадининг асосий қисмини ташкил қилади ва ташкилот февраль ойи охирида ўз хизматларини чеклаши мумкин, бу эса давом этаётган драматик гуманитар инқирозни сезиларли даражада ёмонлаштиради", дейди Боррель.

Унинг қайд этишича, UNRWA’нинг Ғазо секторида 13 минг ходими бор ва БМТнинг бошқа ҳеч бир ташкилоти агентликнинг маҳаллий назорати билан тенглаша олмайди. 

"Алоҳида шахсларнинг қилмишлари ҳеч қачон бутун аҳолини жамоавий жазолашга олиб келмаслиги керак", дея таъкидлайди Боррель. 

Ўз навбатида, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху БМТнинг Фаластин агентлигининг тугатилишини очиқдан очиқ талаб қилди. Шу билан бирга, UNRWA илгари ҳам, шу жумладан ташкилот фаолияти учун зарур бўлган маблағ миқдори ва бу харажатларнинг асосланиши туфайли танқид қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ғазо UNRWA

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг